Асакада янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади

18:45 05 Ноябрь 2025 Жамият
372 0

Асакa туманида хорижий сармояларни жалб этиш ва маҳаллий саноатни ривожлантириш борасида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хитойлик инвесторлар иштирокида трансформаторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий smart-завод қурилиши ҳам шундан далолат беради. Ушбу лойиҳа қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу ташаббус маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, юқори технологияларни жорий этиш ҳамда туман саноати салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

— Янги ишлаб чиқариш қуввати фаолият бошлаши билан 50 нафардан ортиқ аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади, — дейди туман ҳокимлиги масъул ходими Ҳамидилло Исроилов. — Бу эса нафақат бандлик даражасини ошириш, балки аҳолининг даромадини кўпайтириш орқали туман иқтисодиётига янги суръат бағишлайди. Шу билан бирга, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш ёш мутахассислар учун ҳам қимматли тажриба мактаби вазифасини ўтайди.

Инвесторлар томонидан бу борадаги ишлар билан чекланиб қолинмаслиги ҳам диққатга сазовор. Улар 2026 йилдан бошлаб автокар, металлоконструкция ҳамда пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшимча заводлар қурилишини режалаштирган. Ушбу йўналишдаги изчил ҳамкорлик ва ишончли муҳит Асакани вилоятдаги йирик саноат марказларидан бирига айлантириш йўлида муҳим қадам бўлади.

Саминжон ҲУСАНОВ

(«Халқ сўзи»).                                                  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер