Аралаш мато ва газлама божхона божидан озод этилади

14:59 13 Август 2025 Сиёсат
247 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш масалалари юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида ишлаб чиқариш ва экспортни оширишга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, мамлакатимизда ип-калава ва матонинг нархи асосий рақобатчилардан ўртача 10-15 фоиз юқорилигига эътибор қаратилди. Сабаби – ишлаб чиқараётган маҳсулотимиз таркибида пахта 90 фоиз бўлса, қолганларда 30-40 фоизи полиэстер, вискоза, спандекс каби арзон синтетик матодан иборат.

Дунёда сунъий тола ва аралаш матога талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Мамлакатимизда йилига 100 минг тонна аралаш ип, мато ва газлама импорт бўлмоқда.

Шу муносабат билан 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газлама божхона божидан озод этилади.

Мутасаддиларга йил якунигача камида 100 минг тонналик аралаш газлама ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошлаш топширилди.

Шунингдек, бир нечта бўёқ корхоналари бирлашиб, сув тозалаш иншоотини қурмоқчи бўлса, харажатларининг бир қисми Савдони ривожлантириш компаниясидан қоплаб берилади.

Ўтган йилда 5 миллион доллардан ортиқ экспорт қилган 55 та корхонанинг ҳар бирида камида 200 нафардан ишчи ишламоқда. Лекин бу корхоналар асосан вилоят марказларида ва саноати ривожланган туманларда жойлашган.

Уларга кўмак берилса, олис ва саноат кириб бормаган туманларда филиал очмоқчи. Бунга Савдони ривожлантириш компаниясидан беш йилга 10 миллиард сўмгача Марказий банк асосий ставкасида кредит берилади. Хорижлик дизайнер, технолог, конструктор ва маркетологларнинг иш ҳақи қоплаб берилади.

Қўйиладиган шарт – корхоналар 200 та иш ўрни яратиши ва муносиб иш ҳақи тўлаши керак.

Мутасаддиларга ушбу рағбатларни ишга солиб, жорий йилда 20 та, кейинги йилда яна 30 та туманда тикувчилик фабрикаларини ишга тушириш топширилди.

Бу ишлар Қорақалпоғистондан бошланиши белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?