АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегияси эълон қилинди
АҚШ президенти Дональд Трамп ва АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти янги миллий хавфсизлик стратегиясини эълон қилди – мазкур ҳужжат АҚШнинг ташқи ва мудофаа сиёсатининг тамойиллари ва устувор йўналишларини белгилайди. Стратегияда Трамп амалда бошлаган бир қатор кескин бурилишлар мустаҳкамланган: глобал доминантликка интилишдан воз кечиш, Лотин Америкаси ва Осиёга кучайтирилган эътибор, Европа ва Яқин Шарқни иккинчи ўринга суриш. Ҳужжатдан англашилишича, Россия–Украина уруши Трамп ва унинг ташқи сиёсат жамоаси учун иккинчи даражали масала ҳисобланади.
АҚШ стратегиясининг асосий жиҳатлари
– АҚШ дунёда содир бўлаётган ҳар бир жараён уларнинг миллий манфаатлари доирасига кирмайди, деган ғоядан воз кечмоқда;
– «Куч орқали тинчлик» тамойили: АҚШ ўз иқтисодий, технологик ва ҳарбий устунлигини таъминламоқчи, бу орқали манфаатларига зарар етмаслигига эришишни мақсад қилмоқда;
– АҚШ бошқа давлатларнинг ишларига фақат энг кескин ҳолатларда аралашади;
– «Мослашувчан реализм»: АҚШ ҳар қандай режимлар билан ишлашга тайёр ва ҳамкорлик учун демократизация, либераллашув ёки бошқа сиёсий шартларни талаб қилмайди;
– АҚШ миллий давлатлар манфаат ва қадриятларини нодавлат ташкилотлардан устун қўяди;
– АҚШ ўз суверенитетини ҳимоя қилади ва бошқа давлатлар суверенитетига ҳурмат билан ёндашади;
– «Кучлар мувозанати»: АҚШ глобал доминантликка интилишдан воз кечади ва бошқа йирик, бой давлатларнинг ҳам ўз таъсир ҳудудлари борлигини тан олади;
– АҚШ сиёсати шунчаки иқтисодий ўсишга эмас, балки ишчи америкаликларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлади;
– АҚШ барча шерикларидан ҳалол ҳамкорликни талаб қилади ва ўзини эксплуатация қилишга йўл қўймайди; хусусан, иттифоқчи давлатлар ўз мудофааси учун ўзлари сарф қилиши керак, АҚШнинг ҳимоясига суянмаслиги лозим;
– АҚШ меритократияга таянади; шу билан бирга АҚШ меҳнат бозорини ҳимоя қилади ва доимо америкаликлар манфаатини биринчи ўринга қўяди.
Ҳужжатда тўғридан-тўғри «Монро доктринаси»га қайтиш эълон қилинган. Унга кўра, Ғарбий яримшар Шарқий яримшар давлатларининг таъсиридан мустақил бўлиши керак. 1823 йилда Президент Жеймс Монро эълон қилган ушбу доктрина, аввало, Америка қитъасидаги собиқ колонияларни Европа давлатлари таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган эди.
«Монро доктринасига Трамп қўшимчаси» (ҳужжатда қўлланилган атама) қуйидагини англатади:
«Биз яримшаримиз ташқарисидаги рақобатчиларнинг бу ерда қўшин тиқиши, таҳдид манбаларини жойлаштириши ёки ҳаётий аҳамиятга эга активларни назорат қилишига йўл қўймаймиз».
Осиёда АҚШ Хитой билан иқтисодий муносабатлар балансини ўзгартиришни кўзлайди. Хусусан, Хитойга адолатсиз устунлик берувчи саноат субсидиялари каби амалиётларни бекор қилдиришга интилади.
Шунингдек, АҚШ Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги можарони (айниқса, Хитойнинг Тайванни куч билан эгаллаши хавфини) олдини олиш мақсадида сиқиб-қўйиш сиёсатини юритади. Бундан ташқари, АҚШ Япония ва Жанубий Кореядан мудофаа харажатларини оширишни талаб қилади.
Европадан АҚШ ўз мудофаасини ўзи таъминлашни ва Вашингтон ҳимоясига суянмасликни қатъий талаб қилади. Шу билан бирга, стратегияда Европа ҳукуматларининг миграция сиёсати ва сиёсий рақобатни чеклаш — айниқса, ўнг партия ва ҳаракатларни турлича йўллар билан сиқиш амалиёти — кескин танқид қилинади.
АҚШ НАТОни кенгайтиришни тўхтатиш ва Россия билан «стратегик барқарорликни тиклаш» ниятини билдирган.
Унда Россия–Украина уруши-чи?
Россия–Украина урушига ҳужжатда биргина хатбоши бағишланган: АҚШнинг мақсади — ҳарбий ҳаракатларни имкони борича тез тугатиш ва иқтисодий тикланишни бошлаш.
Стратегияда Россия агрессиясига нисбатан ҳеч қандай танқид йўқ. Шу билан бирга муаллифлар Европа ҳукуматларини «уруш бориши ҳақида нореалистик кутилмаларда» айблайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Бугун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташланади
- Президент пойтахтда транспорт тизимини янгилашга доир муҳим қарорни имзолади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг