“Ақлли парта” — ўқувчилар ижод маҳсули

15:49 03 Апрель 2026 Жамият
295 0

Жамиятимизнинг тезкор тараққиёти, фан-техника ривожи ёшларни мактаб чоғиданоқ изланишга чорламоқда. Учқўрғон туманидаги 19 — умумтаълим мактаби ўқувчилари Муҳаммадамин Нўъмонжонов ҳамда Исломжон Маҳмуджоновларнинг интилишлари бунга мисол. Фанларни ўзлаштириш билан чекланиб қолмасдан инновацияга қўл урган икковлон яқинда “Ақлли парта” қурилмасини ишлаб чиқишди. Лойиҳа информатика фани ўқитувчиси Ҳусанбой Эргашев раҳбарлигида саккиз ой давомида олиб борилган илмий-амалий ҳаракатлар натижасида ижросини топди.

- “Ақлли парта” анъанавий парталардан бир қатор қўшимча имкониятлари билан фарқланади, -дейди иқтидорли ўқувчиларнинг устози Ҳ. Эргашев. – Унга махсус микроконтроллер ўрнатилган бўлиб, тасвирга олиш ва видео узатиш ишларини бажаради. Бу билан ўқувчининг дарсдаги иштироки, хусусан, мавзуни тинглаш ва ўзлаштириш ҳолатини назорат қилиш мумкин. Унинг натижаси СМС хабарнома юбориш орқали боланинг ота-онасини хабардор этади. Бундан ташқари, парта ёруғликни бошқариш, қурилма баландлигини созлаш, хона ҳарорати ҳамда намликни ўлчаш функцияларига ҳам эга. Алоҳида модул орқали шахсни идентификатсия қилиш имконияти жорий этилган.

Айни пайтда патентлаштириш ҳаракати бораётган ушбу “супер парта” муқобилларига нисбатан 50 фоиз юқори самарадорликка эга бўлиб, “Ихтирочиликка қадам” танловининг республика босқичида энг илғор 10 та лойиҳа қаторидан жой олди ҳамда 61 миллион сўмлик ваучер билан тақдирланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер