Андижонда ИИО ходимини ўлдирган шахс қидирилмоқда

13:32 02 Июль 2025 Жамият
164 0

Фото: ИИВ

Андижон вилояти Хўжаобод туманида профилактика инспекторини пичоқлаб, ўлдириб воқеа жойидан яширинган 65 ёшли эркак қидирилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 июль куни соат 20:50 ларда Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Юксалиш» маҳалласидаги хонадонда жанжал бўлаётганлиги ҳақида «102» қисқа рақамига келиб тушган хабар бўйича ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант А.Абдувалиев ва маҳалла раиси А.Маматалиев воқеа жойига етиб борган.

Аниқланишича, 65 ёшли фуқаро Холбозоров Юнусали Тумарович маст ҳолда ўз оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид солаётган бўлган. Ҳужумчини зарарсизлантириш жараёнида Ю. Холбозоров қўлидаги пичоқ билан катта лейтенант А. Абдувалиевнинг кўкрак қисмига зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган.

Профилактика инспектори А. Абдувалиев олган жароҳати оқибатида шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Фото: ИИВ

ИИВга кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г« банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумондор Ю. Холбозоров воқеа жойидан яширинган, айни вақтда уни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар! Ушбу шахс ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлсангиз зудлик билан яқин орадаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз сўралади. Маълумот берган фуқаронинг шахси сир сақланиши кафолатланади», дейилади вазирлик хабарида.

ИИВнинг расмий ахборотида шунингдек, фуқароларнинг ҳаётини асраш мақсадида ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, мардлик ва фидойилик кўрсатган ҳолда ҳалок бўлган Андижон вилояти Хўжаобод тумани Ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспектори катта лейтенант Абдувалиев Абдурасул Қаҳҳоровичнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?