Андижонда балиқчиликдан катта фойда олинмоқда

11:34 06 Август 2024 Жамият
184 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Одатда, балиқчилик соҳасида ярим интенсив усулда гектаридан 5-6 тонна ҳосил олиш мумкин. Андижонда бу кўрсаткич 25-30 тоннани ташкил этади.

— Бунга сув ҳавзасини зарарли унсурлардан тозалайдиган ва кислород билан таъминловчи хлорелла сув ўтлари орқали эришмоқдамиз, — дейди мутахассис Алишер Ҳамробоев. — Хлорелла бир ҳужайрали сув ўти бўлиб, кислород миқдорини ошириш хусусиятига эга. Ер танқис, сув тақчил ҳудудларда ундан фойдаланиш яхши самара беради. Андижонда у орқали тўрт баробар кам меҳнат қилиб, беш баробар кўп ҳосил олишга эришилмоқда. Ҳозирда вилоятда ушбу сув ўтини яратиш ва кўпайтиришга ихтисослашган махсус лаборатория фаолияти йўлга қўйилган.

Вилоятда балиқчилик соҳасида ҳосилдорликни ошириш мақсадида сўнгги етти йил давомида хлорелла сув ўтидан унумли фойдаланиш тажрибалари амалга оширилди. Икки йилдан буён ўз самарасини бериб келаётган бу усул орқали ҳосилдорлик 5 баробарга ортди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Келгусида ҳар гектар майдондаги сув ҳавзасидан 100 тоннагача ҳосил олиш устида изланишлар давом этмоқда. Бугунги кунда Андижон вилоятида 161 та балиқчилик фермер хўжаликлари 4 минг гектардан зиёд сув ҳавзаларида фаолият олиб бораётганлигини ҳисобга олсак, бу истиқболли лойиҳа соҳада кескин бурилиш ясаши, шубҳасиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?