Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси муҳокама қилинди

12:39 10 Февраль 2024 Сиёсат
540 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида Андижон вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари”нинг 2023 йилдаги ижроси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “йўл хариталари” ижроси доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилган.

Хусусан, 2023 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,1 фоизга, саноатда 7,3 фоизга, қишлоқ хўжалигида 4 фоизга, хизматлар кўрсатиш соҳасида 11,3 фоизга ва қурилиш ишлари ҳажми 3,2 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми эса 20,3 млн сўмни ҳамда ўсиш суръати 2,8 фоизни ташкил этган.

Инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳалар ҳисобига 30 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган. Вилоятда 802 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 128 та объект фойдаланишга топширилган.

“Аёллар дафтари”га киритилган 91 мингга яқин хотин-қизларга ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 31 мингдан зиёд ёшларга амалий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, мажлисда сенаторлар томонидан аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудий бандлик дастури доирасида доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринлари ҳисобига 532 минг кишининг бандлиги таъминланганлиги ҳамда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 47,6 мингдан зиёд лойиҳалар учун кредит маблағлари ажратилганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” ижросини таъминлашда айрим камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш мақсадида бўш турган бинолар ва ер майдонларига тадбиркорларни жалб қилиш бўйича белгиланган айрим вазифалар ижросининг самарадорлиги паст.

Шаҳар ва туманларда 28 та бўш турган давлат объекти 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида аукцион савдоларига қўйилганига қарамасдан савдолар бўлиб ўтмаган деб топилган. Асака ва Жалақудуқ туманларида эса аукционга чиқарилган ер майдонларининг 20 фоизи ҳам сотилмаган.

Шаҳрихон туманида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида муаммоли кредитлар қолдиғи йил бошига нисбатан ўсган.

Солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги муддати ўтган қарздорлиги Балиқчи, Жалақудуқ, Марҳамат ва Хўжаобод туманларида ошган.

Пахтаобод, Бўстон ва Олтинкўл туманларида ногиронлиги бўлган шахслар учун квоталанган иш ўринларидан самарали фойдаланилмаган.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан вилоятда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, паст қувватда ишлаётган саноат корхоналари билан ишлаш, инвестициялар жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Бунда туризм салоҳияти юқори бўлган маҳаллаларда йўл ва инфратузилмани яхшилаш, маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашда иқтисодий комплекс раҳбарларининг масъулиятини ошириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда субсидиялаш механизмидан кенг фойдаланиш масалаларига урғу берилди.

Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?