Андижон вилоятида туризм йўналиши янада ривожланади

Фото: Халқ сўзи
Туризм, нафақат, сайр-у саёҳат, балки, мамлакат иқтисодиётининг асосий бўғимларидан биридир. Гарчи, мамлакатимиз бу борада катта имкониятларга эга бўлсада, афсуски, бундан унумли фойдаланилмаётир. Хўш, бу борадаги муаммоларнинг ижобий ечимини таъминлаш, сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун нималар қилиш керак? Хонобод шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда Андижон вилояти мисолидаги лойиҳалар кўриб чиқилди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов бу борада амалга оширилиши муҳим бўлган вазифалар хусусида фикр юритиш билан бир қаторда истиқболли лойиҳалар билан ҳам танишди.
- Бир неча йиллардан буён Хонобод шаҳридаги адирликларда илмий-эскпедиция ишларини олиб бормоқдамиз,-дейди “Hamkor Stimul Servis” Инновацион лойиҳалар илмий тадқиқот маркази раҳбари Шохидахон Султонова. –Юзлаб тарихий ашёлар билан бир қаторда маъданли сув булоқларини ҳам топишга эришдик. Амалиётда синовдан ўтказилганида у инсон саломатлиги учун жуда катта фойда эканлиги аниқланди. Вилоят ҳокими билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида изланишларимиз манзилларда экотуризм билан бир қаторда зиёрат ва тиббиёт туризмларини ҳам ривожлантиришга шароит мавжудлиги борасидаги ўз лойиҳамни тақдим этдим. Насиб бўлса, тез орада унинг истиқболи туфайли ички сайёҳлик салоҳиятини оширишга ҳисса қўшамиз.
Андижон вилоятида гастрономик туризмни ривожлантириш учун ҳам етарли асослар бор. Бунинг учун нафақат, ўзбек, балки қардош мамлакатлар таомларини тайёрлаш ва тақдим этиш учун етарли шароитлар яратилган.
- Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида тайёрланадиган миллий ва замонавий таомларни тарғиб қилувчи “Зўр таом ТВ” каналини юритаман,-дейди блогер Бахтиёржон Фозилжонов. – Ҳозирда 70 минг нафардан зиёд обуначиларимиз бор. Швейцария, Исроил, Россия каби давлатлардан кўрсатувимизни кўриб, Андижонга ташриф буюрган сайёҳлар билан суҳбатларда бўлганмиз. Бу борадаги келгуси режаларимиз билан вилоят ҳокимига юзландик. Шу жойнинг ўзида амалий ёрдам кўрсатилиб, мутасадди идоралар билан биргаликда жаҳон талабларига мос келадиган кўрсатувлар, ролик ва рекламалар тайёрлаш учун имконият яратилди.
Тадбир давомида Андижон вилоятида ҳафтанинг ҳар шанба куни Туризм куни, деб эълон қилинди. Шу куни соҳага оид муаммолар ижобий ечим топиб, бажарилиши лозим бўладиган муҳим вазифалар белгилаб борилади. Ҳозирда вилоятда 422 та маданий мерос, 70 та туристик объектларнинг мавжудлиги ҳафта кунини белгилашнинг нечоғли аҳамиятли эканлигидан далолатдир. Айтиш жоиз, айни пайтда ҳудудда сайёҳлар учун 8 та йўналиш ишлаб чиқилган. Ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида 81 та санитария-гигиена шахобчалари, 2316 ўринга мўлжалланган 114 та жойлаштирув воситалари, 76 та туристик ташкилотлар мавжуд. Бир сўз билан айтганда, Андижонда дам олиш орқали даромад топиш учун барча қулайликлар мавжуд. Ҳамма гап ундан унумли фойдалашда қолди, холос.
Саминжон ҲУСАНОВ,
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг