Америкалик сенаторлар президент Жо Байденни Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришга чақирди

23:26 16 Февраль 2023 Дунё
1221 0

Фото: Reuters

Бир қатор америкалик сенаторлар АҚШ президенти Жо Байденни Украинага қирувчи самолётлар ва узоқ масофага учувчи ракеталар етказиб беришга чақирди. 

АҚШ сенаторларининг икки партияли гуруҳи пайшанба куни Жо Байден маъмуриятини украиналик учувчиларни замонавий қирувчи самолётлардан фойдаланишга ўргатиш ва узоқ масофали ракеталарни Киевга ўтказишни бошлашга чақирди.

Бу чақириқ қонунчилар Линдси Грэм ва Ричард Блюменталь томонидан йиллик халқаро хавфсизлик конференциясида иштирок этиш учун Мюнхенга сафари олдидан матбуот анжуманида қилинган.

«Украинага керак бўлган навбатдаги нарса — қирувчи самолётлар. Ҳарбий ҳаво кучларисиз умумий қуролли операцияларни ўтказа олмайсиз. МиГ-29 самолёти эскирган», дейди Грэм.

«Биз Байден маъмурияти ва барча иттифоқчиларимизни Украина учун илғор қирувчи самолётлардан фойдаланишни ўрганиш жараёнини ҳозирдан бошлашга чақирамиз», дея қўшимча қилди конгрессмен.

Бу позиция Блюменталь томонидан қўллаб-қувватланди. У яқин орада Украина 300 километргача масофага учадиган ATACMS ракета тизимларини олишига умид билдирди.

Ўз навбатида, Россия Украинага қурол етказиб бергани учун НАТО давлатларига нота юборди. 

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини таъкидлади. Унинг огоҳлантиришича, Ғарб Украинага узоқ масофага учувчи қуролларни кўпайтирар экан, махсус операциянинг географик мақсадлари ҳозирги чизиқдан тобора узоқлашиб бормоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?