Алимент тўлашга имконингиз борми, ошна?
Фото: Халқ сўзи
Биз одатда ажрашган оилаларда оталарнинг фарзандлари учун ўз вақтида алимент тўламаслигини танқид қиламиз-у, бироқ улар орасида азбаройи чорасизлик исканжасида боши хам бўлганлар ҳам борлигини ёддан чиқарамиз.
– Шахсан мен болаларим учун алимент тўлашдан қочмайман, - дейди Андижон туманида яшовчи Х. Қ. – Бироқ доимий иш жойим, даромадим йўқлиги учун ҳар ой бунинг уддасидан чиқолмаяпман. Мавсумий ишлаб, пул топган пайтларим нафақат алимент тўлайман, балки болаларимнинг ҳолидан хабар олиб, нима зарурати бўлса, етказаман. Афсуски, ҳар доим ҳам бундай қилишнинг иложи йўқ-да...
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси қўл урган хайрли иш мана шундай чорасиз оталарнинг кўнглига умид чироғини ёқди, десак янглишмаймиз.
Бошқарма томонидан муқим иш жойига эга бўлмаган алимент тўловчи оталар учун меҳнат ярамаркаси ташкил этилди. Андижон туманида бўлиб ўтган тадбирга 30 нафар қарздор ва ишсиз оталар таклиф қилинди.
– Бир фарзандим бор, ажрашганман, - дейди тадбир иштирокчиси М. С. – Икки йиллик алимент пулини тўлай олмаганим учун ота-онам боқувимиздаги сигирни сотиб берганди. Бугун ярмаркада ўзимга муносиб иш топганимдан хурсандман. Энди ҳар ойда болаларимнинг моддий таъминотини йўлга қўйиш имконига эгаман.
Тан олиш керак, ушбу меҳнат ярмаркаси барча оталар учун фойдали бўлди, дея олмаймиз. Боиси шу куни уларнинг 9 нафари билан меҳнат шартномаси имзоланган бўлса, яна 3 нафари ишга жойлаштириш йўлланмасига эга бўлди. 20 нафарга яқин алимент тўловчилар эса туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими томонидан ишсизлар рўйхатига киритилди. Тез кунларда уларни ҳам ўз лаёқатига кўра иш билан таъминлаш чоралари кўрилиши айтилди.
Энг муҳими, алимент тўлаш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқараётган сабаблар билан курашиш сари қадам қўйилмоқда. Бу сабабларга оқилона ечим топилса, аввало, тўлиқ бўлмаган оилаларда мунғайиб ўсаётган болаларнинг мурғак қалблари ёришади, ҳечқурса ота ғамхўрлигини ҳис қилиб улғаяди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Рамазон ва тиббий ёндашув: кимлар эҳтиёт бўлиши керак?
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг