Аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланишда Самарқанд тажрибаси ўрганилмоқда

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари мавзусида республика кўргазмали семинари ўтказилмоқда.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, шароити оғир 71 та туман ҳокимлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, ҳар бир ҳудуддан 10 нафардан оғир аҳволдаги 1024 та маҳаллада фаолият кўрсатаётган ҳоким ёрдамчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида семинар иштирокчилари янги тизим бўйича Самарқанд туманидаги Шўрбойича маҳалласида аҳолига ижарага берилган ерларда «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида сабзи маҳсулотини етиштириш, ички бозорга етказиб бериш ва экспортга чиқариш жараёнлари билан танишди. Шундан сўнг Деҳнав маҳалласида 3 та йўналиш бўйича аҳоли хонадонларида томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, етиштирилган маҳсулотларни ички бозор ва экспортга йўналтириш жараёнлари ўрганилди.
Ушбу маҳаллада яшовчи Маҳфуза Муҳаммадиеванинг 11 сотих томорқа ер майдони бор, шундан 3 сотихи иссиқхона.
— Иссиқхонани 2019 йилда 10 миллион сўм кредит ҳисобидан қурган эдик, — дейди томорқачи опанинг ўғли Ислом Норқулов. — Йилига 4 маротаба ҳосил оламиз. Ўзим СамДУ иқтисод йўналиши 1-босқич талабасиман. Уч томонлама шартнома тузилган ва уруғликлар етказиб беришдан тортиб, маҳсулотни харид қилишгача шу ернинг ўзида амалга оширилади. Биргина редисканинг ўзидан бир экин давомида 20 миллион сўмдан ортиқ фойда оламиз. Шу даромаддан ўқишимнинг бир йиллик шартнома пули чиқади. Кўкат экиб сотамиз. Кейин помидор ва бодринг экилади. Оиламизда 11 киши яшайди. Йил давомида уч киши томорқа ишлари билан банд бўлади.
Шу масканда Деҳнав маҳалласи ҳамда вилоятда барча маҳаллаларнинг ихтисослашуви, «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойилини жорий этиш, маҳсулотларни ички бозорга ва экспортга чиқариш, бозорларда нарх-навони камайтириш, маҳалланинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тақдимот ўтказилди.
Самарқанд туманидаги Қўштамғали маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-37 автомагистраль йўли бўйида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳар бир вилоят ва ҳудудлардан келган семинар иштирокчилар ўзларига ажратилган майдонга 5 турдаги, жами 1500 туп манзарали дарахт кўчатларини экишди. Конигил маҳалласи Сиёбча канали бўйида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам таассуротларга бой бўлди.
Семинар иштирокчилари Самарқанд туманида томорқа ва деҳқон хўжалиги йўналишларида аҳолини ўқитиш, ерга ишлов бериш, маҳсулотларни етиштириш ва сотишга кўмаклашиш билан шуғулланаётган «SAM AGRO CENTER» МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда дастлаб Самарқанд вилоятидаги оғир тоифадаги маҳаллаларга зарур бўлган 40 та мини-тракторлар топширилди.
Томорқа ва деҳқон хўжаликлари учун 12 турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари, АҚШ, Туркия, Испания, Франция, Россия давлатларидан келтирилган 25 турдаги «Ф-1» репродукцияли, серҳосил ва касалликка чидамли сабзавот, полиз ва дуккакли экинларнинг уруғлари намойиш этилди.
Туркия ва Россия давлатларидан жалб этилган малакали мутахассислар томонидан Самарқанд туманидаги томорқа, деҳқон ва фермер хўжаликларига кўмаклашиш мақсадида 45 нафар агрономларни ўқитиш жараёнлари кузатилди.
Семинар доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг