Аҳмад  Донишнинг қабри қаерда?

12:03 17 Ноябрь 2021 Жамият
1541 0

Фото: "Халқ сўзи"

1826 йилда Бухорода туғилган юксак зако эгаси Мир Аҳмад ибн Носир Аҳмад Донишнинг турли соҳаларга доир йигирмага яқин асарлари бор. Мутахассисларнинг эътирофича, у файласуф, педагог, тарихчи, шоир, астроном, хаттот,  наққош, меъмор, хуллас, қомусий билим соҳиби бўлган.

Тарихчи олим Тошпўлат Раҳмонов мақоласида маърифатпарвар Донишнинг ҳукмдорлик одоби ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилар экан,  унинг шундай сўзларини келтиради: “Шоҳ мансабдор шахсларнинг хоинлиги ва фуқароларни сиқувга олишларидан бохабар бўлиши даркор. У ҳокимиятни инсон қиёфасида юрган бўриларга ишониб топширмаслиги керак. Мансабдор шахсларнинг жиноий ишлари маълум бўлиб қолганда уларни шундай жазолаш керакки, бу бошқа олий мартабали лавозимдор шахслар ва давлат арбобларига сабоқ бўлсин”.

Аҳмад Донишнинг ўнлаб теша тегмаган фикрлари орасидан яна бирини ажратиб кўрсатган бўлур эдик. “Ибрат кўзи билан қараб, ақл қулоғи билан эшитувчилар учун бу сўзларимнинг фойдаси бор”, деб ёзади у “Наводирул – вақое” (“Нодир воқеалар”) асарида.  Бинобарин, у қолдирган маънавий мерос аҳамиятига  тўхталаркан,  академик Е. Э. Бертельс  “Дониш – Ўрта Осиё жадидларининг отаси”, дея таъриф бергани бежиз эмас.

Ҳаёти ва фаолияти бутун бошли китобга арзигулик Аҳмад Дониш (уни  чуқур билим эгаси эканлиги боис Аҳмад Калла  деб ҳам аташган) 1897 йилда Бухорода вафот этган.

Шу ўринда буюк мутафаккирнинг хоки пойи қаерда, деган савол кўпчиликни қизиқтириш тайин.

Аҳмад Донишнинг дувараси, физика – математика соҳасида етук олим саналган Саиджон Қурбоновнинг ёзишича, улуғ аждодимизнинг қабри Бухоро шаҳридаги Даҳмаи Беҳиштиён қадамжосида бўлган. Таассуфки, ўнлаб авлиёлар, ҳадис илми соҳиблари мангу қўним топган бу қабристон шўро тузуми даврида бузиб ташланган. Унинг ўрнида ёғ-мой заводи, мактаб, техникум ва уй-жойлар барпо этилган. Фақат истиқлол йилларидагина бу зиёратгоҳ номи қайта тикланди. Буюк зотлар хотираси шарафига ёдгорлик тариқасида  мақбара барпо қилиниб, у давлат муҳофазасига олинди.

 -Ўшанда мен етти ёшда эдим, - дея эслайди Саиджон ака. - Мозор ҳудудида трактор ва экскватор ишлаётган эди. Ҳамма ёқда одам суяклари сочилиб ётарди. Бу манзарани кўрган бобом Мирзо Сафаралининг “Бир кун келиб ҳаммамиз шундай бўламиз. Унутма, бу жойда амир ҳам, олим ҳам, подшоҳ ҳам – ҳамма тенг”, деганлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди.

Мозорнинг оёқости қилинаётганини кузатиб турган Мирзо Сафарали бобоси Аҳмад Донишнинг қабридан суякларни йиғиб олади. Қабрни Бухородаги бошқа бир қадамжо – Хўжа Исмат зиёратгоҳига кўчиради. Айтмоқчи, Хўжа Исмат қабристони ҳам мустақиллик йилларида обод қилинди. Янги масжид, айвон, хазира, шунингдек, улуғ мутафаккир қабрига муносиб хилхона қурилди.

Таъкидлаш жоизки, Аҳмад Донишнинг бой маънавий меросини ўрганиш, улардан халқимиз, хусусан, ёшларни чуқур хабардор этиш борасида қилинадиган ишлар кўп. Қолаверса, кўҳна шаҳарда қомусий билим эгаси яшаган уй-жой аниқланса, Аҳмад Дониш уй-музейи очилса, айни муддао бўлур эди.

 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?