«Агар сендан тонар бўлсам...»
Адабий дўстлик — абадий дўстлик
Ўзбек — озарбайжон халқлари ҳақида ўйлаганимиз заҳоти ким бўлишимиздан қатъи назар, кўз ўнгимизда беихтиёр улуғ Низомий Ганжавий билан Алишер Навоий ҳазратлари ўртасидаги азалий ва ғазалий жондошлик намоён бўлади. Таъбир жоиз бўлса, биз учун ушбу олийжаноб ҳиссиёт завқи табиийга айланган. Яъниким, биз туғишган, қон-қардош, жондош ва томирдош бир халқ, бир миллатдекмиз. Беш юз, олти юз йиллардан буён Навоий бобомизнинг
Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ,
деган ўлмас сатрлари шеърият санъати, назм олами чўққиларининг нақадар юксак эканини, уни ҳар қандай “альпинист” ҳам забт эта олмаслигидан огоҳлантириб туради. Низомий ҳазратларининг муборак номи ва сиймоси бу ўринда мангу узлуксиз бонг сингари ҳам ҳайратлантиради, ҳам ҳушёр торттиради.
“Узлуксиз” деган сўзимизнинг сабаби бор, албатта. Улуғ бобокалонларимиздан бошланиб, ҳануз давом этиб келаётган олтин силсиланинг банд ва занжирлари кўп. Унинг маълум ҳалқа ва ришталари Имодиддин Насимий, Мулла Паноҳ Воқиф ижоди билан ўзбек адабиётининг Бобораҳим Машраб, Муҳаммадризо Огаҳийдек оташин шоирларининг ўтлуғ шеъру ғазаллари ила бир-бирига чамбарчас боғланиб туради. Фузулий девони кирмаган ўзбек хонадони, ғазалларини ўқимаган, ёд билмаган китобхони йўқ, десак, муболаға эмас. Бор гап ҳам шу.
“Умрлар бўладики, тиригида ўликдир, Ўлимлар бўладики, ўлган одам тирикдир”, дебон юксак инсоний ғояларни куйлаган озарбайжон фарзанди, Ганжа тупроғининг ёмби истеъдоди Шайх домла, Мақсуд Шайхзода бутун умр Тошкентда яшаб, ўзбек тилида мужаддид этган “Чорак аср девони”, “Тошкентнома”сию сермаҳсул ижоди учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонига сазовор бўлган. Темурийзода султон Мирзо Улуғбек ҳазратларининг муҳташам назмий сиймосини қойилмақом қилиб, адабиётдан абадиятга айлантиролган Шайх домлага ўзбек халқининг меҳри ва ҳурмат-эҳтироми чексиз.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилган Адиблар хиёбонида Мақсуд Шайхзодага алоҳида ёдгорлик ўрнатилган. Шоир ҳайкали пойида ҳамиша тоза гуллар барқ уради, теграсида эса ёшлар мушоираси тинмайди. Донишманд шоирларимиз Ғафур Ғулом билан Самад Вурғун дўстлиги, устоз Эркин Воҳидовнинг Фузулий девонини ёддан айтиб юрганлари, яна бир ардоқли устозимиз Абдулла Ориповнинг Озарбайжон халқи ва адабиётига бўлган муҳаббати, ихлоси бугунги ва келажак авлодлар учун ибрат бўлиб қолаверади.
Абдулла аканинг ўзбек — озар зиёлилари орасида бағоят машҳур бўлиб кетган “Озарбайжон” шеъридан бир иқтибос келтирамиз:
...Эъзозлаб турибди кўтариб бошга,
Бу кун озар эли Ўзбекистонни.
Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих,
Бу дўстлик билганми шубҳа, гумонни?
Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,
Шу инжа озарий тилни, забонни.
Низомий болидан ҳалво пишурмиш
Навоий забт этиб туркий жаҳонни.
Сен билан кечмишнинг жанггоҳларида
Бирга таниганмиз яхши-ёмонни.
Тарих-ку, муҳташам ёдгордир олий,
Сўйлайин шу кунни, айни шу онни...
Бугунги сертаҳлика дунёда, разолат ва ёвузлик хуружи авж олаётган хавотирли бир замонда дўстлик ва қардошлик, ҳақиқий биродарлик муносабатлари амалда қандай бўлмоғини олам аҳли Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг бир-бирига садоқати, ҳурмат-эҳтироми тимсолида гувоҳ бўлаётир. Тошкентда Озарбайжон халқининг улуғ фарзанди Ҳайдар Алиев номидаги сўлим хиёбон бунёд қилингани ва бу муҳтарам зотга ҳайкал ўрнатилгани, пойтахти азимда Озарбайжон боғи барпо этилаётгани, Бокуда эса Ўзбекистон меъморий боғи мажмуининг қурилиши, Қорабоғ вилоятининг Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги умумтаълим мактабининг фойдаланишга топширилгани барчамизга фахр ва ғурур бағишлайди.
...Шунча улуғвор тарихий ҳодисалар ва ўзгаришларнинг тиғиз кунларида ёзги осмонда яшин чақнаган каби матбуотимизда “Ўзбек келаётир!” номли достон гулдураб чиқиб қолди-ку! Ҳамма ёқда шов-шув, дув-дув гап. Шеърни топиб ўқидик: ҳақиқатан ҳам, ўзбек халқининг қадимиятидан, Бақтрия, Далварзин, Кушон, Чағаниён тепаликларидан топилган беш минг йиллик шатранж доналаридан тортиб, то ҳозирги янги Ўзбекистон замонигача, бу даврнинг матонатли давлат бошчиси Шавкат Мирзиёевнинг шиддатли, беором фаолияти ва учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлидаги дадил, мардона қадамлари, ортга қайтмас ислоҳотларининг мазмун-моҳияти рўйирост қаламга олинган.
Шоир юрагидан завқу шавқ билан тўкилган оташин сатрлар ўқувчини беихтиёр ҳаяжонга солади, қалбига ифтихор бағишлайди.
Яна юлдузларга тақаб нарвонин,
Ўзбек келаётир тарих қаъридан...
...Йўл бўшат замона, йўл бўшат, жаҳон,
Ўзбек келаётир тарих қаъридан.
Бу қайноқ сатрларнинг муаллифи ҳақида гапирадиган бўлсак, беҳаловат ва заҳматкаш инсон, шоир ва олим, бир сўз билан айтганда, алломаи замон, Озарбайжон фарзанди Акифбей Азалп, яъни “Азарбайжон алпи” Акиф Багиров экан. Минг тасанно айтдик! Ҳайратланарлиси — Акиф муаллимнинг шеърлари соф ўзбек тилида битилган. Бу табиий ҳол эди, боиси биз Акифбейни ўтган асрнинг 70-йиллари охири ва 80-йиллари — талабалик паллаларидан буён яхши биламиз ва ҳурмат қиламиз. Ўша пайтларда у киши яна бир кўркам ва беҳад хушрўй, ўзига ғоят ярашган қора сочлари қалиндан-қалин, қаламқош озар ўғлони Яшар Қосимов билан биргаликда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетида тиришқоқлик ва иштиёқ билан таълим олган. Талабалар шаҳарчасининг қизғин ва бардавом шеърият кечаларию адабий суҳбатларида бу икки озар йигити ҳамиша ҳозиру нозир эди. Акиф оғага қараб, Сергей Есенин ибораси билан айтганда, Александр Пушкиннинг жингалак сочлари навқирон Акифбейнинг қалин ва қўнғироқ-қўнғироқ кокиллари олдида ип эшолмас эди.
Улар шеъриятнинг ҳақиқий девонаи мубталоси эди. Ўзимизнинг машҳур шоир акаларимиз Рауф Парфи, Омон Матжон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Азим Суюн, Йўлдош Эшбек ва бошқа ижодкор, олимлар билан дўсти қадрдон, ака-ука, ёру ошно бўлиб юришарди. Уларнинг юз-кўзларида, юриш-туришларида риё ва сохталиклар йўқ, фақат яхшилик ва оқ кўнгиллик балқиб турарди. Иш бундоқ бўпти-да!
Ўша кезлар Фузулий ҳазратларининг “Шифойи васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр...” ғазали, катта санъаткоримиз Тожиддин Муродов ижро этган “Ғамзасин севдинг, кўнгул, жонинг керакмазму санга...” ашулалари янграганда ҳаммамиз сел бўлиб, жўр бўлиб айтар эдик. Бу ҳолатдан озарбайжонлик дўстларимиз беҳад мутаассир бўлиб, ўз меҳрини изҳор этарди.
Яна бир ажабтовур воқеа эсга тушади. Нима бўлди-ю, талабалар шаҳарчасидаги мушоиралару баҳсу талошларда “Ассалому алайкум, дорнинг оғочи!..” сатри такрорланадиган бир шеър кўп айланди. “Зар топилса, чўнтаги тешик кўпаяди” деганларидек, ҳар ким ҳар хил гап, ҳар хил фикр айтди. Бу сатр, бу шеър муаллифлиги негадир Рауф акага, Рауф Парфига нисбат бериларди. Шўро даври, истибдод ва қабоҳат замони бўлгани учун бу исёнкор шеър жуда машҳур бўлиб кетди. Ҳатто баъзи бир ҳушёр маҳкамаларнинг назарига ҳам тушиб улгурди. Шеърга, унинг муаллифига қизиқиш яна-да кучайиб кетди. Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг таҳлилий изланишига кўра, ушбу сатрнинг жуғрофий сайру саёҳати Эргаш Жуманбулбул ўғлининг эвараси, таниқли фольклоршунос олим, профессор, талабаликда Акифбей билан бирга ижарада турган Шомирза Турдимовнинг ўз дўстига “Кунтуғмиш” достонини ўқиб берган вақтдан бошланади. Достондан таъсирланган мусофир студент Акифбей “Ассалому алайкум, дорнинг оғочи” сатри такрорланиб келадиган шеър ёзади-ю, ушбу битик тезда халқ орасига тарқалиб кетади. Кейин Рауф акамиз ҳам шу сатрни тазмин қилиб битган шеърини китобига киритади. Шеърни Акиф Бағирлига бағишлайди. Жуманбулбул бобо “Дорнинг оғочи” деб дунёи дунни назарда тутган сатр шеърдан шеърга ўтиб, олтиндек ярақлаб, ҳамманинг кўзини қамаштираверади. Шундай ёмби олтинни адабиётга олиб кирган Жуманбулбул бобога, у кишининг арзанда эвараси Шомирзабойга ва албатта, заргардек нозиктаъб Акиф муаллимга раҳмат!
Биз — икки буюк халқнинг шоир ва адиблари борди-келдилару ижодий ҳамкорликларнинг пилиги пасайган тийра замонларни ҳам бошимиздан ўтказдик. Оламшумул адиб, янги Ўзбекистон замонида ўзбекнинг ўз ёзувчисига айланган Озарбайжон Ёзувчилар бирлигининг раиси Анар муаллимнинг икки халқ адабиёти, бугунги адабий алоқаларнинг янада равнақ топиши йўлидаги ўрни, мавқе ва мақомию самимий хайрихоҳлиги, айниқса, ибратлидир. Айнан ана шу хизматлари ва бетакрор ижоди боис устоз адиб Президентимиз Фармонига биноан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бу барчамизга ўзгача фахр ва ифтихор бағишлайди.
Алишер Навоийнинг “Хамса” достонлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини озарбайжон тилига таржима қилган заҳматкаш олим ва таржимон Рамиз Асқар, мумтоз адабиётимиз намояндалари ижоди бўйича илмий рисолалар ёзган олима Алмаз Улвий, янги ўзбек шеърияти дарғалари ҳақида тадқиқотлар олиб борган Яшар Қосим ва яна кўплаб озарбайжон ижодкорлари номларини эҳтиром билан тилга оламиз. Кейинги даврда мумтоз ва замонавий ўзбек адибларининг асарларидан кўплаб намуналар озарбайжон тилида нашр этилгани ҳаммага маълум.
Не бахтким, менинг ҳам “Вақт ҳайкали” номли шеърлар китобим инжа озарий тилда Акиф Азалп таржимасида Бокуда нашр этилганидан беҳад миннатдорман.
Озарбайжонлик қадрли дўстларимиз қаторида Шайхзода домланинг садоқатли вориси сифатида Акиф Азалпнинг алоҳида ўрни бор, албатта. Ўзбек ўқувчиларига тақдим қилинган “Сайланма” шеърлар тўплами озарбайжон шоирининг соф ўзбек тилида битилган асарларидан таркиб топган назмий гулдастадир. Ушбу тўпламни ўқийдиган китобхон чинакамига ҳайратланиши табиий. Меҳру оқибат, эзгулик ва бағрикенглик, тинчлик ва хотиржамлик сув ва ҳаводек ниҳоятда зарур бўлган — бир томони ёнғин, бир томони тошқин ушбу тақчил дунёда китоб ёзмоқ, китоб чиқармоқ ва китоб ўқимоқ, айниқса, китоб совға қилмоқ нақадар умуминсоний аҳамиятга эгалигини англаб етмоқ ҳам шу қадарли шарафлидир. Бир-биримизга китоб туҳфа қилишда давом этаверайлик.
Озар халқининг донгдор шоири Самад Вурғун бир замонлар “Агар сендан тонар бўлсам, насибам оҳу зор ўлсун!..” дебон назмий қасамёд этганларидек, қондош, дилдош ва тилдош дўстдан ҳеч қачон тониб бўлмайди.
Замон шамолларидай беором ва беҳаловат ижодкор Акиф Азалпга янги ўзбекча сайланма муборак бўлсин!
Худойим элларимизга бахту саодат, тинчлик-омонлик, умрингизга барака берсин, қадрли Акифбей!
Сирожиддин САЙЙИД, Ўзбекистон халқ шоири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг