“Афросиёб” музейида янги экспозиция очилди

18:44 14 Март 2024 Жамият
736 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз Йўлдошев/ “Халқ сўзи”. Корея Республикаси Маданий Мерос жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ўртасида меморандум имзоланган эди.

Ушбу ҳамкорлик “Ипак йўли” маданий меросининг сақланиши ва тадқиқ этилиши бўйича маълумот ҳамда кўникма алмашинуви, шу билан бирга археологик тадқиқотлар орқали туризмни ривожлантириш, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган этнографик ва археологик топилмаларни реставрация ва консервация қилишга йўналтирилган. Жумладан, Корея Республикаси Маданий мерос жамғармаси томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий туризм салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида музейининг реставрация ишлари учун 300 минг АҚШ долларига яқин маблағ ажратилди. Натижада музейнинг биринчи қавати экспозицияси янгидан замонавий технологиялар билан жиҳозланди, кўргазмалар зали, видеозал ва йўлаклар янгиланди. Иккинчи қаватнинг шифти ва томи ҳам қайта таъмирланди.

Шу муносабат билан музейда янги экспозициянинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Маданий мерос агентлигининг биринчи ўринбосари, профессор Турсунали Қўзиев, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси бош консули Кук Жанг Ҳюн, Корея Республикаси Маданий мерос жамғармаси бошқарма бошлиғи Чаэ Су Ҳе, вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

— “Афросиёб” деворий суратлари бундан 1400 йил аввал дипломатик миссия билан Корея ярим оролидан Самарқандга келган элчиларни эслаш мақсадида чизилган, — дейди Кук Жанг Ҳюн. — Музейдаги экспонатлар нафақат мамлакатларимиз тарихий рамзи, балки инсониятнинг умумий маданий меросидир. Шу боис биз уларни асраб-авайлаш ва бошқариш учун ҳамкорликни давом эттирамиз.

Тадбир қайд этилганидек, Самарқанд шаҳрининг қадимги даври ёритилган музей кўргазма ишлари 1980-1990, қисман 2007 йилларда амалга оширилган эди ва бу мавжуд кўргазма концептуал ғояси нуқтаи назаридан ҳамда кўргазма ускуналари маънавий жиҳатдан эскирганлиги сабабли ҳозирги кун талабларига жавоб бермай қолганди. Шуни инобатга олиб музейнинг 1-қаватида жойлашган кўргазмада капитал реэкспозиция ишлари амалга оширилди.

— Янги кўргазма беш бўлимга ажратилганди бўлиб, I бўлим XIX асрнинг охири XXI аср бошлари қадимий Самарқанд шаҳрида олиб борилган археологик қазишма ишлари тарихини ўз ичига олади, — дейди “Афросиёб” музейи директори Самариддин Мустафоқулов. — II бўлим Самарқанд милоддан аввалги VII-IV асрларда, III бўлим Самарқанд элленизм ва юнон-бақтрия даврларида, IV бўлим Шаҳар ва қадимги кўчманчиларнинг маданий алоқалари ва V бўлим Сўғдиёнанинг олтин даврини қамраб олади.

Янги экспозицияни лойиҳалашда девор сиртининг умумий ранг таркиби масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Заллардаги экспонатларни тўғри ёритиш учун ранг комбинациялари залларнинг полларидаги мармар қопламлари билан ва деворларни асосий ранглари махсус ёруғлик мосламалари билан уйғунлаштирилган.

Тадбирда музейни янги кўринишга келтиришда ҳисса қўшган икки давлат соҳа масъулларига эсдалик совғалари топширилди ва иштирокчилар музейдаги экспонатлар кўргазмасини томоша қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?