2024 йил ислом дунёси туризм пойтахти – Хива янги ўзгаришлар остонасида турибди
Иллюстратив фото
Куни кеча ижтимоий тармоқларда, интернет нашрларида Бокуда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессиясида Хива 2024 йил «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилингани ҳақидаги хушхабарлар тарқалди. Хива шаҳрининг номзоди БААнинг Абу-Даби, Туркиянинг Шанлиурфа, Нигериянинг Лагос, Тожикистоннинг Душанбе шаҳарлари орасида ғолиб деб топилди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан туризм соҳасида юритилаётган очиқлик сиёсати, виза режимининг соддалаштирилиши, маданий меросни сақлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш каби йўналишлардаги изчил ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.
Маълум бўлишича, ислом дунёсининг туризм пойтахти йили доирасида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ИҲТга аъзо 57 давлатнинг туризм вазирлари ва туристик маъмуриятлари раҳбарларининг юқори даражадаги йиғилиши ўтказилади. Шу билан бирга ислом олами ва зиёрат туризми салоҳиятини очиб берувчи илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар, арт-экспозициялар ташкил қилинади. «Ипак йўли» халқаро туризм университети базасида ИҲТ давлатлари олим ва тадқиқотчилари иштирокида таълим соҳасидаги имкониятларни кенгайтиришга эътибор қаратилади.
— Хива инсониятнинг бебаҳо бойлиги сифатида ЮНEСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган бўлиб, уни бир бор кўриш учун дунёнинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳлар оқими йилнинг тўрт фаслида ҳам тўхтамайди, — дейди Хоразм вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Саидов. — Ичонқалъанинг аждодлар ақлу заковати билан бунёд этилган боқий обидалари, Эрмитаж, Лувр музейлари билан беллаша оладиган, ноёб осори атиқаларга бой Хива музейлари жаҳон сайёҳларини ҳайратга солиб келаётир. Кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юксалтириш мақсадида амалга оширилган дастурлар натижасида қадим Хивада соҳа инфратузилмаси тубдан янгиланди. «Лазги», «Қовун сайли» каби фестиваллар, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро кураш мусобақаси, баҳодирлар ўйинлари каби спорт тадбирлари қўҳна шаҳар довруғини дунёга таратди. Сўнгги икки ойда Хивага учта давлат раҳбарларининг ташриф буюриши қадим ва навқирон шаҳарнинг туризм салоҳияти юксаклигидан дарак бериб турибди. Хиванинг 2024 йилда «Ислом дунёси туризм пойтахти» деб эълон қилиниши бу ишларни янги босқичга олиб чиқади.
— Хабарингиз бор, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ доимий кенгаши томонидан 2020 йилда Хива шаҳри турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилинган ва шу асосда бу кўҳна кентда бир қатор халқаро илмий анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилган эди, — дейди Хоразм Маъмун академияси грант раҳбари, сенатор Гавҳар Дурдиева. — Куни кеча Ислом ҳамкорлик ташкилоти вазирлар кенгашининг навбатдаги сессиясида Хивага 2024 йили ислом дунёсининг туризм пойтахти мақоми берилиши барчамизни беҳад қувонтирди.
Бу эътироф ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, янги инфратузилма объектлари, музей ва экспозициялар барпо этиш, сайёҳлик хизматлари экспорти ҳажмини ошириш имконини беради. Йил бўйи давом этадиган маданий тадбирлар, хорижий ва маҳаллий журналистлар учун уюштириладиган медиатурлар нафақат шаҳарни, балки бутун мамлакатни дунё миқёсида янада кенг танитади. Жаҳон жамоатчилиги юртимиз тарихи, табиати, халқимиз турмуш тарзи ва маданияти, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Хива янги ўзгаришлар остонасида турибди.
Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг