2021 йилда 7 миллионга яқин истеъмолчига, 150 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилган
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари Аъзам Қурбонов маълум қилди.
Ўтган 2021 йилда Агентлик фаолияти устувор равишда мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларининг таъминланганлик даражасини ошириш, тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш ҳамда бу борада жамоатчилик иштироки ва ролини мустаҳкамлашга қаратилди.
Ўтган йилда истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари бузилиши юзасидан Агентликка 26 249 та шикоят билан мурожаат қилган. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва ўтказилган ўрганишларда 7 млн нафарга яқин истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳамда уларга 150 млрд. сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилганлиги аниқланди.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 81 фоизи қаноатлантирилган ва ҳуқуқий ёрдам бериш орқали ҳал этилди.
Хусусан, аҳолининг коммунал соҳага оид муаммолари бўйича август-декабрь ойларида жойларда қабул қилинган 3 960 нафар истеъмолчининг 59,7 фоиз муаммоси жойида ҳал қилинган, 38 фоизи бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг истеъмол маданияти ҳамда ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида 531 та тадбир ташкил қилинди, ОАВда турли мавзуларда жами 4 568 та материал ва ҳуқуқий ахборот жойлаштирилди.
Хусусан, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» ва 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунига ва апрель ойида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигига бағишланган кенг қамровли маърифий ишлар ташкил этилди. Республика ҳудудларидаги 199 та мактаб ва олий таълим муассаларида 15,7 минг нафар ёшлар учун «Истеъмолчи рақамли маконда», «Оқилона истеъмол» мавзуларида тақдимот тадбирлари ўтказилди.
Худди шунингдек, 11 ноябрь – Бутунжаҳон сифат кунига бағишлаб республикадаги 149 та ўрта махсус таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида семинар ва ўқишлар, ёшлар билан учрашув ташкил қилинди, тадбирларда 7488 нафар ўқувчи ёшлар учун «Сифат янги имкониятларни очиб бeради», «Биз сифат тарафдоримиз» мавзуларида тақдимот (презентация) ўтилди.
Маҳалла, Халқ қабулхоналари, Давлат хизматлари марказлари, коммунал, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасаларига 10 055 та махсус плакатлар жойлаштирилди, аҳоли ва ёшларга 605 та махсус брошюралар тарқатилди.
Агентликнинг интернетдаги расмий веб-сайти (www.consumer.uz) ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали фаолиятга оид материаллар ва ҳуқуқий ахборотлар билан бирга истеъмолчилар учун зарур бўлган маълумот ва тавсиялардан иборат бўлган маълумотлар жойлаштириб келинмоқда.
Амалдаги 40 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида хатловдан ўтказилди, бошқа вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 102 та ҳужжат лойиҳаларининг истеъмолчиларга таъсири баҳоланди, тегишли хулоса ва таклифлар берилди. 2 та қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиб, Сенатга киритилди. Шундан, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бугунги кунда қабул қилинди.
Ички бозорларда сифатсиз ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарлар сотилишини аниқлаш мақсадида, товарлар назорат харидини ва уларни синовдан ўтказиш давом эттирилди.
Аҳоли ва кенг жамоатчиликни товарлар сифати ва хавфсизлиги тўғрисида доимий равишда хабардор қилиб бориш мақсадида 2021 йил январь ойидан бошлаб «Тошкент» телеканалида «Сифат назорати» телекўрсатуви ташкил қилинди. Агентлик томонидан ва «Сифат назорати» телекўрсатуви билан ҳамкорликда жами 182 номдаги (49 турдаги) маҳсулотларнинг назорат хариди амалга оширилган ҳамда уларнинг экспертизаси натижаларида 43 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги аниқланган. Шундан, 10 та корхонага берилган мувофиқлик сертификати ваколатли орган томонидан бекор қилинган.
Истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар, Агентлик иш режаси ва бошқа идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ўтказилган 826 та ўрганиш ва таҳлилларда истеъмолчилардан жами 127 млрд сўм миқдорида ортиқча ҳақ олингани аниқланди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан 337 та субъектга иш қўзғатилиб, қонунбузилиши ҳолатларини тугатиш юзасидан кўрсатма берилган. 44 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилган ва 32 нафар шахсга нисбатан жами 12,4 млн сўм миқдорида маъмурий жарима белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан агентлик фаолияти ўрганилди ва ушбу қўмитада Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директорининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахбороти тингланди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича 17 та халқаро тадбирларда иштирок этилди, шунингдек 1 та халқаро лойиҳа якунланган, 2 та ўзаро англашув меморандуми имзоланган ва 3 та тренинг ўтказилди.
Корея истеъмолчилар агентлиги (Korea Consumer Agency) билан ҳамкорликда ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан ажратилган 50,0 минг АҚД доллари миқдоридаги грант доирасида “Ўзбекистонда истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлашни ихтисослаштириш ва такомиллаштириш" 6 ойлик лойиҳа амалга оширилди. Корея истеъмолчилар агентлиги билан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида Англашув меморандуми масофавий тарзда имзоланди ва келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Агентлик томонидан ЮНКТАД, Халқаро молиявий истеъмолчилар академияси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгаш ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан ташкил қилинган тадбирларда, “8-Осиё истеъмолчилар сиёсати форуми«да онлайн равишда иштирок этилди.
German Sparkassenstiftung for International Cooperation (Германия) ташкилоти билан ҳамкорликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси ижросини ва молиявий секторда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида “Масъулиятли молия” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Келишувлар доирасида октябрь ойида Агентликнинг 30 дан ортиқ ходимлари учун 3 ҳафта давомида германиялик экспертлар томонидан интерактив коммуникация (мулоқот) усуллари бўйича ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.
2021 йил 21 декабрь куни Агентлик билан Халқаро ҳамкорлик бўйича German Sparkassenstiftung ташкилоти билан англашув меморандуми ва ўқув фондини тузиш тўғрисида биргаликдаги баённома имзоланди. Лойиҳа доирасида олиб бориладиган ўқитиш ва малака ошириш тадбирларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентликка 60,0 минг евро миқдорида мақсадли грант маблағи ажратилди.
Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида Агентликка (86, 134, 135-бандлар) белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалий чоралар кўрилди.
Хусусан, Истеъмолчилар ҳуқуқи устуворлигини таъминлаган тадбиркорлик субъектларини баҳолаш ва рейтингини тузиш тартиби (методикаси) ишлаб чиқилди.
Шунингдек, истеъмолчилар учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олувчи “Smаrt cоnsumеr” ахборот тизими Агентликнинг www.smart.cоnsumеr.uz веб-сайтида ишга туширилди. Тизим орқали истеъмолчилар онлайн тарзда мурожаатларни юбориш ва мутахассислардан маслаҳат олиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин.
Агентлик ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда мурожаатлар билан ишлашнинг қамров даражасини кенгайтириш, товарлар (иш, хизматлар) сифатли ва хавфсиз бўлишини таъминлаш, аҳолининг истеъмолчилик билими ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва истеъмолчиларнинг ахборот хабардорлигини оширишга қаратилган интерактив хизматларни жорий қилиш, ёшлар ўртасида оқилона истеъмол усулларини кенг тарғиб қилиш, норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва бошқа йўналишларда ишларни давом эттиради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг