2 асрлик тангаларни чет давлатга олиб чиқмоқчи бўлган фуқаро ушланди

13:27 09 Июнь 2025 Жамият
644 0

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Сариосиё» чегара божхона постидан қадимий тангаларни олиб ўтмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар қилди.

Қўшни давлатга йўл олган фуқаро белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда унинг қўл юклари орасида оғзаки сўровда маълум қилинмаган 267 дона қадимий тақинчоқ қисмлари борлиги аниқланди.

Маълум қилинишича, ушбу ашёларнинг қадимийлиги ва қийматини аниқлаш учун божхона ходимлари томонидан бадиий экспертиза тайинланган. Экспертлар хулосасига кўра, 39 дона осма безак кўринишидаги кумуш тангалар XIX асрда Бухоро амирлигида зарб қилинган, қолган тақинчоқ қисмлари ҳам XIX аср охири ХХ аср бошларига оид бўлиб, маданий бойлик ҳисобланади.

Ҳозирда ашёвий далиллар Термиз археология музейига топширилган бўлиб, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги 131-сонли қарорига мувофиқ, 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар юртимиздан олиб чиқиб кетилмайди.

Аввалроқ Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 550 миллион сўмлик ноқонуний заргарлик буюмлари савдосининг олди олингани ҳақида хабар қилган эдик. Унда фуқарода 576,8 грамм тилла ва кумуш тақинчоқлар борлиги аниқланган ва улар ашёвий далил сифатида олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?