12 апрель — Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни

20:35 12 Апрель 2022 Маданият
3236 0

Фото: Иллюстратив фото

Космонавтика куни ҳар йили 12 апрелда нишонланади. 1961 йил шу куни Совет космонавти Юрий Гагарин инсоният тарихидаги космосга биринчи парвозни амалга оширди — бу йил ушбу ҳодисанинг 61 йиллиги нишонланмоқда. «Восток» сунъий йўлдош кемасида Байконур космодромидан парвозни амалга ошириб, Ер атрофида бир марта айланиб чиқиб, Саратов вилоятига муваффақиятли қўнди. Коинотга парвози учун унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди. Юрий Гагарин номини эшитмаган, унинг ким эканини билмайдиган одам сайёрамизда жуда кам бўлса керак. Айрим манбалар биринчи фазогир парвозини ҳатто ХХ асрнинг энг муҳим ҳодисаси деб ҳам ҳисоблайди. Ҳа, шубҳасиз, 1961 йилнинг 12 апрелида нафақат ХХ асрнинг, балки бутун инсоният цивилизацияси тарихининг энг муҳим воқеаларидан бири содир бўлган эди. Ўша куни инсоният Гагарин тимсолида, том маънода коинотга нарвон қўйди. Бу ўтган вақт ичида дунёнинг қирққа яқин мамлакатидан 400 дан зиёд фазогир у ёки бу муддатга фазога учиб қайтган ва айтиш жоизки, ҳар бир космонавт ўша Гагарин очиб берган эшик орқали коинотга чиқмоқда. 2011 йилдан эътиборан эса БМТнинг махсус резолюцияси орқали бутун дунё мамлакатларида ушбу сана Халқаро байрам куни сифатида нишонланмоқда. Шундай қилиб, БМТ Бош Ассамблеяси ушбу байрамни Халқаро космик парвозлар куни сифатида эълон қиларкан, бутун инсоният мулки бўлган коинотни тинч мақсадларда тадқиқ этиш, фазодан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, бу борада барча давлатларга тенг имконият, имтиёз берилишини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатни давом эттирмоқда. Бу фан ва технологиянинг барқарор ривожланишига, фазодан тинч мақсадда фойдаланишга хизмат қилади. Инсоният XXI асрга космик технологияларнинг ақл бовар қилмайдиган муваффақиятлари билан бирга кириб келди — ўн минглаб сунъий йўлдошлар Ер атрофида айланиб юрибди. Ҳатто, одамзод қадами Ойгада етди, у ердан тупроқ намунасини олиб қайтди. Кейинчалик автоматик зондлар Марс ва Венерага қўнди

12 апрель куни профессионал байрам нафақат космонавтлар томонидан нишонланади. Ушбу сана космик дастурларда иштирок этадиган муҳандислар, олимлар, техниклар ва бошқа мутахассислар учун ҳам муҳимдир. Космонавтика куни мамлакатимизда ҳам нишонланади, чунки Ўзбекистон ушбу соҳани ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшган. Биринчидан, Қозоғистондаги Байконур космодроми қурилишида ўзбеклар фаол иштирок этишган. У ерга бизнинг алоқачиларимиз, қурувчиларимиз ва бошқа мутахассисларимиз юборилган.

Иккинчидан, Ўзбекистон космонавтлари фазони тадқиқ этишнинг дастлабки кунлариданоқ соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Бутун дунёга маълум бўлган космонавтлар Владимир Жонибеков — фазода беш марта бўлган биринчи Ўзбекистон космонавти, икки марта Қаҳрамон, авиация генерал-майори ва Солижон Шарипов - фазода 203 кунни ўтказган, авиация полковниги, Ватанимизнинг юксак мукофотлари – «Амир Темур» ва «Буюк хизматлари учун» орденлари билан мукофотланган. Асарлари халқаро миқёсда тан олинган олимлар орасида Шавкат Ахадович Воҳидовнинг исмини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳамюртимиз фазовий муҳандисликни яратиш ва ривожлантиришда улкан ютуқларга эришган.

Космонавтикадаги энг муҳим ҳодисаларга тўхталадиган бўлсак, инсондан олдин фазога ҳайвонот олами вакиллари учирилди. Совет «Восток» фазовий кемаси 1960 йилда космосда 24 соат учиб, Белка ва Стрелка итлари билан ерга қайтиб келди. Юрий Гагариндан кейин Валентина Терешкова космосдаги биринчи аёл бўлди - у 1963 йилда «Восток-6» космик кемасида учди, парвоз уч кун давом этди. Америкалик тадбиркор Деннис Тито биринчи космик сайёҳ бўлди, у парвоз учун 2001 йил апрель ойида 20 миллион АҚШ доллар тўлаган. Россиялик космонавт Геннадий Падалка коинотда энг узоқ вақт қолиш бўйича жаҳон рекордини янгилади, у фазода икки йил ва икки ярим ой бўлган.

1969 йилдан 1972 йилгача одамларнинг олти маротаба Ойга қўниши амалга оширилган. Жами 12 та космонавт Ернинг сунъий йўлдоши юзасини текширган. 1972 йил 14 декабрдан бери бошқа ҳеч ким Ойда бўлмаган. Айни пайтда дунёда Марсни тадқиқ қилиш ишлари жадал тарзда олиб борилмоқда.

Абдували Сойибназаров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер