ЖССТ озиқ-овқат маҳсулотларидаги трансёғлардан фойдаланишни тақиқлаш ёки чеклашга чақирмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) икки йил олдин трансёғ истеъмолини камайтириш ёки умуман тақиқлашни тавсия қилган эди. Дунёнинг атиги 58 мамлакати ушбу маслаҳатга амал қилган. Юзта давлатда ҳанузгача бундай маҳсулотларга чекловлар мавжуд эмас, деб хабар бермоқда «Дунё» АА БМТнинг Янгиликлар марказига таяниб.
Чипсилар, ёғда қаттиқ қовурилган картошка, балиқ ва товуқ гўшти, майонез, пишириқлар, маргарин ва сариёғ – буларнинг барчаси ва бошқа кўплаб маҳсулотлар трансёғларга бой бўлиб, уларни кўп истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

ЖССТ ҳисоб-китобига кўра, саноат трансёғларини истеъмол қилиш юрак қон-томири касалликларига сабаб бўлади ва натижада йилига 500 минг инсон ҳаётдан бевақт кўз юммоқда.
Трансёғларини истеъмол қилиш билан боғлиқ ўлимларнинг учдан икки қисми қуйидаги ўн беш мамлакатга тўғри келмоқда — Озарбайжон, Бангладеш, Бутан, Эквадор, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Латвия, Мексика, Канада, Непал, Покистон, Корея Республикаси, Словения ва АҚШ. Улардан фақат Канада, Латвия, Словения ва Америка Қўшма Штатлари ЖССТ тавсияларини қабул қилган. Ушбу мамлакатлар таркибида трансёғлар мавжуд бўлган барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишни тақиқлади ёки сезиларли даражада қисқартирди.
ЖССТ инсониятни имкон қадар озиқ-овқат таъми ёки нархига таъсир қилмайдиган нисбатан соғлом таомларни истеъмол қилишга ундамоқда.
“Бутун дунё COVID-19 пандемиясига қарши курашаётган бир пайтда, биз инсон саломатлигини ҳимоя қилиш учун барча зарур саъй-ҳаракатларни ишга солишимиз лозим. Бундай йўналишлардан бири - бу коронавирус инфекциясига чалиниш хавфини оширувчи ва бевақт ўлимга олиб келиши мумкин бўлган юқумли бўлмаган касалликларнинг бартараф этиш бўйича чораларни кучайтиришдан иборатдир», — деб таъкидлаган ЖССТ Бош директори.
У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти олдида 2023 йилгача трансёғлар истеъмолига чек қўйиш мақсади қўйилганини эслатиб ўтди. Бугунги кунда ушбу хавфдан атиги 3,2 миллиард одам ҳимояланган, холос.
Ўтган йили Бразилия, Туркия ва Нигерияда тегишли чоралар кўрилди, шунингдек Ҳиндистонда мавжуд чоралар кескин кучайтирилди. 2019 йил Европа иттифоқи ва Пан-Америка соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан норматив ҳужжатлар қабул қилинди.
ЖССТ мутахассислари барча мамлакатларга трансёғларсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш нафақат умрни узайтириши, балки маблағни иқтисод қилиш ва соғлиқни сақлаш муассасалари чекига тушадиган катта юкни камайтиришга олиб келишини эслатди.
Ташкилот ушбу турдаги ёғларни тақиқлашни ёки унинг истеъмол қилинишини инсон танасига озиқ-овқат орқали тушадиган кунлик энергия миқдорининг 1 фоизигача камайтиришни тавсия этмоқда. Бу кундалик 2 минг калориялик таомномада 2,2 граммга тўғри келади.
Маълумот учун, бугунги кундаги баъзи озиқ-овқат маҳсулотларининг трансёғ миқдори кундалик меъёридан 200 бараварга кўпдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг