Жиззахда ош тузидан хлор олинмоқда

15:41 14 Апрель 2020 Иқтисодиёт
1311 0

Жиззах вилоят “Сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятнинг Зарбдор туман филиалида мамлакатимизда биринчи бўлиб ичимлик сувига Жанубий Корея давлати мутахассислари билан ҳамкорликда “SKADA” номли масофадан бошқариладиган рақамли технология жорий этилди.

Натижада корхонадан 80 километр масофада жойлашган 15 та артезиан қудуқларидан олинаётган ичимлик суви миқдори ва сарф қилинаётган электр энергияси қувватининг реал вақтдаги ҳисоботи туман марказидаги офис сервери ва компьютерларида қайт этиб борилади.

— Мазкур тизим тўлиқ ишга тушганига бир ойдан озроқ вақт ўтди. Янги дастур тўлиқ рақамли технологияларга асосланган. Тизим ишга тушиши билан ичимлик суви ва электр токи сарфи бир неча баробарга иқтисод қилинмоқда ҳамда сув бормайдиган хонадонларга ҳам сув етиб бориш имкони вужудга келди, — дейди Жиззах вилоят “Сув таъминоти” МЧЖ раиси Зокир Мамарасулов. — Аввал қудуқларга хизмат кўрсатиш соҳасида 6 нафар ходим ишлаган бўлса, энди уларни 2 нафар ходим уддаламоқда, бошқа ходимлар эса янги топшириқларни бажариш билан бирга корхона ҳудудидаги 2,5 сотих иссиқхонада ўз оилалари ва жамоаси учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштираётир.

Шунингдек, корхонанинг “Тараққиёт” ҚФЙ ва марказий сув иншоотига автоматик равишда бошқарилувчи замонавий ахборот технологияларига ихтисослашган Кореянинг рақамли хлорлаш ускунаси ўрнатилган бўлиб, мазкур ускуналар оддий ош тузидан хлор ишлаб чиқаради. Ускуналар ичимлик сувини зарарлантириш учун хлорни белгиланган меъёрда ишлатади ва сифатли сувни истеъмолчиларга узатади. Бу эса, бугунгидек пандемия даврида аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминлашда жуда асқатмоқда.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?