Жиззахда ҳоким ёрдамчиси 2000 доллар пора олаётган вақтда қўлга олинди

14:01 08 Ноябрь 2022 Жамият
980 0

Фото: Иллюстратив фото

Шароф Рашидов тумани, «Оқтош ота» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси 2000 доллар пора олаётганида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ҳоким ёрдамчиси ўзининг хизмат мавқейидан фойдаланиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан моддий бойлик орттириш мақсадида ҳудуддаги тадбиркорларнинг ишончига кириб, тадбиркорлик субъекти томонидан таъминотчи сифатида фуқароларга қурилаётган 10 та иссиқхонанинг қурилиши битказилмаганини била туриб, мазкур иссиқхоналар учун жами 330 миллион сўм миқдоридаги пулларни тадбиркор бошқарувидаги масъулияти чекланган жамият ҳисоб рақамига ўтказилиши учун ёрдам беришини айтган. Бунинг учун Шароф Рашидов тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари розилиги кераклигини, унга 1 000 АҚШ доллари, ўзига яна минг АҚШ доллари миқдорида пулларни берган тақдирда масалани ҳал қилиб беришини ваъда қилади. Ҳоким ёрдамчиси тадбиркордан талаб қилган 2 000 АҚШ долларини жорий йилнинг 17 октябрь куни Шароф Рашидов туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаси олдида ўзига тегишли «Некция» русумли автомобиль салонида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер