Жинғилзорнинг оҳи-ноласи
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”.
“Халқ сўзи ONLINE”. Толибжон Эргашев/Жиззах. Халқ тилида “жинғил”, китобларда “юлғун”, “тамарикс” деб аталувчи бу дарахт мамлакатимизда табиий ҳолда ўсади ва кўпаяди. Бутасимон мазкур кўп йиллик дарахт шўр ерларда ўсишга жуда мослашган бўлиб, у тупроқдаги ортиқча сизот сувларни камайтириш хусусиятига эга.
Жинғил ўсган жойларда атрофдаги ҳудудларга қараганда сизот сув бир неча ўн сантиметрга паст бўлиши олимларимиз томонидан исботланган. Шунингдек, у шўр тупроқнинг атрофга тарқалиб кетишини олдини олса, йўл ёқаларида машиналардан чиқадиган заҳарли газларни “ютиб” кислородга айлантиради, дарё бўйлари ҳамда қирғоқларни ўпирилишдан муҳофаза қилиб, тупроқни мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Баҳор ва кузда қийғос гуллаган жинғиллардан шифобахш асал олинадики, у бир қанча касалликларга даводир.
Ана, шундай жинғилзорлар Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани билан Мирзачўл туманини боғлаб турувчи асосий йўлнинг 50 километрча бўлган масофасида йўлнинг ҳар икки ёқасида табиий ҳолда ўсади.
Ҳозир қишнинг айни қирчиллама вақти. Бундан фойдаланган айрим “уддабурро”лар бўш вақтни бекор ўтказмаслик мақсадида жинғилзорларга қирон келтиришни, шу орқали, оз бўлса-да, чўнтагини қаппайтириб олишни ният қилишган.
Жорий йилнинг 6 феврал куни ана шундай кимсалардан бир гуруҳи жинғилзорларни аёвсиз кесаётгани ва унинг катта-катта ўтинларини машинага ортиб, қолган шохлару дарахт кундасига ўт қўйиб, ёқиб юбораётгани устидан чиқдик.
— Мен Дўстлик тумани, “Оқ олтин” сув истеъмолчилари уюшмасида яшайман. Ҳудудимиздаги “Мажид” фермер хўжалиги раҳбари фермер хўжалиги жойлашган майдон тўғрисидаги жинғилларни кесиб ташлашимизни ва уни ўтин қилиш олиб кетишимиз мумкинлигини айтди, — дейди кесилган жинғилларни машинага ортаётган, ўзини Акбар Жумаев деб таништирган ҳамсуҳбатимиз. — Шунинг учун икки кундан буён жинғилларни кесиб, ташиш билан шуғулланяпмиз. Туман раҳбарлари фермерларга йўл ёқасини тозалаш учун жинғилларни кесишни буюрибди. Бошқа нарсадан хабарим йўқ. Саволингиз бўлса, туман раҳбарлари ва фермерлардан сўранг.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида шу жойнинг ўзида Дўстлик тумани ҳокимлиги қабулхонасига қўнғироқ қилдик. Улар жинғилларни кесиш бўйича топшириқ берилмаганлиги, топшириқ бўлганда хабардор бўлишларини айтишди. Масалани жойида ҳал этиш учун туман экология бўлимига мурожаат қилишимизни сўрашди.
— Бизга туман ҳудудидаги жинғилларнинг кесилиши ва ёқиб юборилиши бўйича биронта ҳам хабар келиб тушмади, — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Дўстлик тумани бўлими раҳбари Шавкат Отақулов. — Икки нафар ходимимиз бор, улар ҳам туман бўйлаб доимий юришади. Бизда умуман дарахтлар кесилмаган. Жинғилларни кимдир кесаётгани устидан чиқсак, албатта, уларга чора кўрамиз.
Биз жинғиллар кесилаётган жойда турганлигимиз, рухсатсиз дарахт кесаётганларга чора кўриш учун айтилган манзилга келишни сўрадик. Эртаси куни эколог мутахассисга яна телефон қилдик ва кўрилган чоралар ҳақида суриштирдик, Афсуски аниқ жавоб ололмадик. Мутахассислар келганда дарахт кесилган ҳудудда ҳеч ким йўқ экан.
Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади. Бир кунда шу йўлдан тахминан 500 — 600 та машина у ёқдан-бу ёққа ҳаракатланади, наҳотки шулардан бирортаси тўхтаб, дарахт кесувчиларга танбеҳ бермаса ёки уларни огоҳлантирмаса?! Бу йўлдан туман ёки вилоят раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари юрмаса?! Лоқайдлик ҳам эви билан-да, ахир...
Таҳририятдан: Биз Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Дўстлик тумани бўлими раҳбари Шавкат Отақуловнинг сўзлари чин эканига ишонамиз. Мана, фотомухбиримиз олган суратда автомашинанинг давлат рақами ҳам яққол кўриниб турибди. Мазкур фотофактга асосан айбдорларни излаб топиш эса унчалик мураккаб иш эмас.
“Халқ сўзи ONLINE” бу мавзуга яна қайтади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- «Ўзгидромет» шошилинч огоҳлантириш эълон қилди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг