Ёшларнинг яратувчанлик ва ихтирочилик қобилиятларини қўллаб-қувватлаш – давлатнинг муҳим ташаббусларидан бирига айланиши лозим
Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодиёт тармоқларини барқарор ва тизимли ривожланишида замонавий ихтиролар ва инновацион ғоялар муҳим ўрин тутишлиги ҳеч кимга сир эмас. Зеро, ихтиролар, инновацион ечимлар ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофазаси ва ижод қилиш эркинлигини таъминлаш энг асосий вазифа бўлиб хизмат қилади. Ушбу устувор қоида биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида ифодаланган «ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади. билан бевосита боғлиқ ҳисобланади» нормаси билан ўзаро ҳамоҳангдир.
Ихтирочилик фаолиятини амалга оширишни биз эркинлик ва ҳуқуқ сифатида кўришимиз мумкин. Мамлакатимизда ушбу соҳани тартибга солиш ва амалга оширишни таъминлашга доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ–158-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон – 2030» Стратегиясининг 12-мақсади этиб «барча йўналишларда инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотларни ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш» белгиланган. Мазкур мақсад орқали Ўзбекистонда ҳар бир миллион аҳолига тўғри келадиган тадқиқотчилар сонини 2 минг нафарга етказиш асосий кўрсаткичлардан бири сифатида белгиланган. Бу жараёнда мамлакатимиз ёшларининг ўрни беқиёс саналади. Зеро, аҳолимизнинг катта қисмини ёшлар ташкил этишлиги ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз ёшлари билан ўтказилган учрашувда Оъзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти «Ёшлар – 2030» стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирганлиги ҳамда Ёшлар тараққиёт индексида мамлакатимиз бу борада энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлат деб топилганлигини эълон қилди.
Юқоридаги кўрсаткичлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Статистик маълумотларга қараганда, кейинги 8 йилда ёшлар сиёсати самарадорлигига оид жами 100 дан ортиқ яқин қонун ва қонуности ҳужжатлари, жумладан, 2016 йил 14 сентябрда эса узоқ кутилган қонун – Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида» ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш белгиланган.
Мамлакатимизда иқтидорли ва истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш юқоридаги қонунчиликка биноан қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади:
- қонунчиликда белгиланган тартибда мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантлари тақдим этиш;
- умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида спорт секциялари, фан, техника тўгараклари ва ижодий тўгараклар фаолиятини ташкил этиш;
- иқтидорли ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида танловлар, олимпиадалар, кўргазмалар, фестиваллар, кўриклар, концертлар, симпозиумлар, ўқишлар, конференциялар, семинарлар ташкил этиш ҳамда ўтказиш;
- иқтидорли ва истеъдодли ёшларни таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида, шу жумладан хорижий мамлакатларда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва амалиётни ўташ дастурларидан танлов асосида фойдаланишини таъминлаш.
Давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳеч кимга сир эмас. Мазкур имтиёзлардан ҳар бир ёш самарали ва мақсадли фойдаланиши мақсадга мувофиқ. Бу борада вазирлик ва идоралар айниқса таълим ташкилотлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ёшларга асосий ёрдамчи бўлиши лозим. Зеро, ёшлардаги ихтирочилик ва яратувчанлик ташаббусларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқаришда мазкур муассасалар муҳим ўрин тутади. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириши белгиланган.
Ҳар бир ихтирочилик натижасида яратилган моддий объект интеллектуал фаолият натижаси ҳисобланади ва ўзига яраш ҳуқуқий мақомга эга. Маълумки, ҳар қандай интеллектуал фаолият натижаси унинг яратилиши (1), ҳуқуқий муҳофазага олиниши (2) ва тижоратлаштирилиши (3) билан боғлиқ босқичлардан иборат. Мазкур жараёнларнинг ҳар бирида давлатнинг қўллаб-қувватлови ва ғамхўрлиги муҳим ўрин тутади.
Ёшларнинг яратувчанлик ва ихтирочилик қобилиятларини қўллаб-қувватлаш бу давлат томонидан мактаблар, олий таълим муассасаларида таълим бериш, касб-ҳунар ўрганишни ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни қамраб олса, интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофазага олиниши эса давлат томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни жорий этиш орқали амалга оширилади. Интеллектуал мулк объектлари даврийлигининг учинчи босқичи, яъни тижоратлаштириш мазкур жараёнлар ичида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз ёшлари билан ўтказилган учрашувда Президентимиз стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим яратилиб, уларни молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилиши, мактабларда ўқувчилар учун «моҳирлик ва бизнес соати» киритилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант йўналтирилиши, олийгоҳлар ўртасида ҳам стартаплар бўйича ҳар йили «Энг яхши креатив ғоя» танлови ўтказилиб, ғолибларга олийгоҳ жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилиши ҳақида маълум қилди.
Биз интеллектуал фаолият натижаларини тижоратлаштирилишини таълим ёки илмий-тадқиқот учун ажратилинаётган маблағлар кўрсаткичларида балки мазкур натижаларни ҳуқуқий муҳофазага олиш билан боғлиқ жараёнларда ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.07.2018 йилдаги «Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3855-сон қарорида белгиланганидек, «2014 — 2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни молиялаштириш учун қарийб 800 миллиард сўм ажратилиб, уларнинг натижаларига кўра илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан 700 дан ортиқ ихтиро патентлаштирилди».
Ёшлар ўртасида илмий-техникавий фаолиятга кенг жорий этиш бу орқали улар томонидан моддий аҳамият касб этаётган ишланма ва ғояларни тижоралаштиришга кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этади. Фикримизча, шунингдек ёшлар ўртасида ҳам уларнинг қизиқишлари ва келгусида қайси соҳаларда фаолият юритишлиги нуқтаи назаридан зарур ўрганишларни ўтказиш ҳамда ёшлар орасида ихтирочиликни қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш учун услубий воситаларни ҳам яратиш лозим. Зеро, бу жиҳат иқтидорли ёшларнинг интеллектуал, ижодий, илмий-техник афзалликлари ва қобилиятларини аниқлаш учун қулай муҳит яратишда муҳим ўрин тутади. Маълумки, мамлакатимиз маданият, санъат, ҳунармандчилик, дизайн каби ижодкорлик йўналишларида бой тарих ва истеъдодларга эга. Бугунги кунда ёшларимиз бой тарихий меросимиздан руҳланган ҳолда берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда мамлакатимизнинг илмий-техникавий ривожига ҳисса қўшиши муҳим аҳамият касб этади.
Абдумўмин ЮЛДАШОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси мудири ўринбосари,
ю.ф.ф.д. (PhD), доцент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг