Ёш фермерларнинг лойиҳалари қўллаб қувватланади

10:36 04 Ноябрь 2025 Жамият
255 0

Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Агробанк, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ва Республика Агрокимёвий таҳлил маркази ҳамкорлигида ўтказилган семинарда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган юзлаб ёш фермерлар, уларга кўмакдош ташкилотлар мутасаддилари иштирок этишди.

Анжуманда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси Актам Хаитов таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли юртимизда фермерлик ҳаракатида ёшларнинг иштироки йилдан йилга ошиб бормоқда. Янгидан янги лойиҳалар, инновацион янгиликлар марказида ёшларни кўриш мумкин. Чунки бу давр ғайрату шижоат, ташаббускорлик, янгиликка интилиш билан чамбарчас боғлиқ.

Кейинги йилларда “Ақлли қишлоқ хўжалиги” тамойили пайдо бўлди, илмий изланишлар, хориж тажрибаси асосида ёмғирлатиб,томчилатиб суғориш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаган ҳолда қўшимча қиймат занжирини яратиш жозибадорлиги кўзга ташланмоқда. Бу экспортни кўпайтиришнинг ҳам кафолатидир. Айни чоғда республикамиз бўйича турли йўналишларда 90 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Қаердаки, замонавий технологиялар қўлланган, тадбиркорлар давлат бераётган солиқ имтиёзлари, субсидиялардан самарали фойдаланаётган бўлса, ўша жойда ютуқ ҳам, юксалиш ҳам бор.

Ўтган йил Ўзбекистон хорижга 1,5 миллиард долларлик 2 млн тоннадан ортиқ мева ва сабзавот экспорт қилган. Жорий йилда бу рақам янада ошади. Чунки Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари, ташаббуслари туфайли Европа, Америка бозорларига йўл очилди. Давлат раҳбарининг АҚШдаги, Европадаги тарихий учрашувлари, стратегик йўналишдаги келишувларга эришгани иқтисодиётимизнинг бошқа соҳалари қатори аграр тармоқда ҳам замонавий ёндашувлар ва технологияларнинг янада ортишига туртки беради. Ана шу жараёнда ёш фермерларнинг янгидан янги лойиҳаларини қўллаб қувватлаш тадбирда қайта ва қайта айтиб ўтилганидек, Кенгашнинг энг муҳим мақсадига айланган.

— Бу ерга катта қизиқиш билан келдим, янгиликларни билай, олимлар нима маслаҳат беради, шуни эшитай деб. Ахдам Ҳаитовнинг сўзларини эшитгач, кўнглимда янги ғоя, мақсад туғилди. Ниятим бир ярим миллиард сўм қарз олиб 300 тонналик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлайдиган омбор, майизни қайта ишлайдиган ускуна харид қилиш. Кенгаш қошидаги жамғарма ҳисобдан олсам фоизи кам бўларкан, — дейди Паркент туманидаги “Заркент Суннат Қўчқоров” фермер хўжалиги раҳбари Жаҳонгир Суннатов.— 25 гектарлик узумзору 4 гектар гилос боғим бор. Аслида фермерлик менга бобом Суннат Қўчқоровдан мерос, жуда баракали ва танти боғбон эдилар. Шу боис бутун кучимни аждодларим бошлаган ишни янада юксалтиришга, қишлоғимни том маънода Заркентга айлантиришга интиляпман. Бу йил 76 тонна узумни ички ва ташқи бозорларга сотдим. Ҳозир 100 тонналик омборимда 23 тонна сара узумларни сақлаяпман. Янги йил арафасида бу маҳсулотнинг ҳар килоси 25 минг сўмдан ошади, экспортга чиқара олсам нархи икки карра юқори бўлади. Маҳсулотнинг бозор қиймати узум пишган маҳал 10 минг сўмга ҳам бормасди. Ана сабабли ҳам каттароқ омборлар қуриб, маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўймоқчиман.

Таъкидланишича,Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-92-сонли қарори билан “Ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг 2025 йил 18 октябрдаги 7-сонли баёнига асосан Ўзбекистон фермерлари кенгашига - ёш фермерларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларга амалий кўмак бериш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш вазифаси юклатилган. Аввалроқ эса Либерал-демократик партиянинг сайловолди дастурида ёшлар ва ёш фермерлару тадбиркорларни қўллаб қувватлаш белгиланган, шу асосда жойларда кенг кўламли ишлар бошланиб кетган эди.

Аслида ёш фермерлар учун янги лойиҳалар тақдим этаётган мазкур анжуманнинг ўтказилиши ҳам Кенгаш раиси Адҳам Хаитов сўзлари билан айтганда, Президент ташаббусларининг мантиқий давомидир. Шу ўринда қуйидаги рақамларга эътибор қаратинг. Қисқа муддат ичида Кенгаш қошидаги Янгийўл ўқув маркази ва Лола Муротова номидаги техникумда 600 нафарга яқин раҳбар ва мутахассислар қайта тайёрланди. Шу йилнинг биринчи ярмида тадбиркорларга “Агросубсидия” тизими орқали 242,6 млрд сўмлик субсидиялар берилди. Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 75 млрд сўм қўллаб-қувватлаш маблағи йўналтирилди. Шу тариқа республикамиз бўйича 847,6 минг фуқаро, жумладан 126,1 минг хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Тадбирда ёшлар учун молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари, инновацион технологияларни жорий этишнинг афзалликлари, фермер хўжаликларида самарадорликни ошириш масалалари ҳақида ҳам сўз борди. "Фермерлар мактаби" ва агробизнес бўйича таълим дастурларини такомиллаштириш, ёш фермерларни ўқитиш, малакасини ошириш жуда муҳимлиги ҳам таъкидланди. Шунингдек, форумга келган иқтидорли ёш тадбиркорлар ўзаро фикр алмашиш, амалиётдаги муаммоларни муҳокама қилиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконига эга бўлди. Фаол ёш фермерлар ва тадбиркорлар Кенгашнинг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Тадбир якунида ёш фермерлар учун тез кунларда грант ва инвестиция лойиҳалари бўйича танлов эълон қилиниши ҳам маълум қилинди ва бу уларнинг ғояларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлади.

Абдунаби Алиқулов,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер