Саноатга ихтисослашган маҳаллаларда «микросаноат маркази» ишга туширилади

17:35 19 Ноябрь 2025 Сиёсат
652 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари келгуси йил учун белгилаб берган вазифаларнинг учинчи йўналиши – саноат лойиҳалари орқали доимий иш ўринларини кўпайтириш.

Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида келгуси йилда ҳудудлардаги корхоналарда 52 миллиард долларлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режа қилингани айтилди.

Мутасаддилар маҳаллий саноат тармоқларида 22 миллиард долларлик 3,5 мингта лойиҳани ишга тушириб, 130 минг доимий иш ўрни ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.

Ғиждувон тажрибаси асосида ҳозирда 400 та маҳалла мебелчилик, ҳунармандчилик ва тикувчиликка ихтисослашган. Тадбиркорларнинг жойи кенгайтириб берилса, ҳар бири яна 5-10 кишини ишга олишга тайёр.

Шу муносабат билан туман ҳокимларига келаси йилда саноатга ихтисослашган бундай маҳаллаларда 50 та «микросаноат маркази»ни ишга тушириш, банклар билан биргаликда камида 800 миллиард сўмлик 1,5 минг кичик саноат лойиҳасини амалга ошириб, 10 минг нафар одамни ишли қилиш топширилди.

Бу марказларнинг инфратузилмаси учун 200 миллиард сўм ажратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?