Яшил ертўла, табиат ва технология уйғунлиги — тобора фаровонлашиб бораётган Фарғона вилоятидан фоторепортаж

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ижодий жамоасининг водий вилоятларига қилган хизмат сафари давом этади. Ижодий жамоамиз билан биргаликда бугун, 29 май куни Фарғона вилоятига ташриф буюриб, ҳудуднинг тобора замонавий қиёфага кириб бораётганига гувоҳ бўлдик.
Сафаримиз давомида бизни энг ҳайратга солган манзиллардан бири Фарғона шаҳридаги «Green Organic» микроорганик ўсимликлар етиштириш кооперацияси бўлди. Қизиқ томони шундаки, бу корхона шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласида ташкил этилган.



Ушбу мажмуада 45 турдан ортиқ микроорганик ўсимликлар етиштирилмоқда. Маҳсулотлар юртимиздаги кўплаб меҳмонхоналар, ресторанлар ҳамда умумий овқатланиш тармоқларига етказиб берилади. Корхонада 30 дан ортиқ ишчи доимий фаолият юритиб, барқарор маош билан таъминланган.

Микроорганик ўсимликлар етиштириш жараёни нафақат жисмоний меҳнатни енгиллаштиради, балки самарали вақт бошқарувини ҳам таъминлайди. Энг асосийси, бундай амалий тажрибалар ходимларнинг ушбу йўналишдаги билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, вилоятнинг Ёзёвон туманида «Зарбдор тажрибаси» доирасида бир қанча муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, туманнинг марказий стадиони «Ташаббусли бюджет» доирасида 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

Мазкур стадионга 1200 та замонавий ўриндиқлар ўрнатилган, 400 метрли югуриш йўлакчаси, универсал спорт майдони, workaut ва енгил атлетика секторлари замонавий қиёфада таъмирдан чиқарилган.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги «2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича 12 миллиард 548 миллион сўм маблағ сарфланиб, туғруқхона мажмуаси, лаборатория, болалар ва терапия бинолари тўлиқ реконструкция қилинган.

Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» массивларида уй-жой қурилишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Президентнинг 2021 йил 9 декабрдаги ПФ-32-сон Фармонига мувофиқ, дастлабки босқичда вилоятда жами 104 та, 3880 хонадондан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган эди.

2024 йил якуни бўйича бу массивларда 11 та, 284 хонадондан иборат уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилган. Айни вақтда яна 19 та, 556 хонадондан иборат уй-жойларда қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
Кейинги манзилимиз, Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Янгиобод МФЙда жойлашган «Ёзёвон сув омбори» бўлди. Мазкур сув омбори ҳудудида балиқчилик хўжаликлари фаолиятига ҳам рухсат берилган. Сув омбори атрофидаги бўш турган 300 гектар ерлар ўзлаштирилиб, яшил ҳудудлар ташкил этилаётгани Президентимиз ташаббуси билан бошланган «Яшил макон» лойиҳасининг амалий самараларидан биридир.










Қисқа фурсатларда бу ерда яшиллик билан бирга замонавий дам олиш масканлари, хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилиши ҳам режалаштирилган.
Кун якунида эса шаҳарнинг кечки ва тунги манзараларини ҳам камерамиз объективига муҳрладик. Ёритилган хиёбонлар, замонавий архитектура — буларнинг барчаси Фарғона вилоятининг кундан-кунга чирой очиб бораётганидан далолатдир.


















Юнус БЎРИЕВ, Отабек САИДАҲМАДОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг