Янги Андижонда яна бир қулайлик яратилди

12:39 11 Март 2025 Жамият
116 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон туманида «Янги Андижон шаҳри» лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар авж паллага кирди. Шу кунгача юзлаб аҳоли янги уйларга кўчиб ўтди. Уларга қулай шароит яратиш мақсадида мактабгача таълим ташкилоти, умумий ўрта таълим мактаби, оилавий поликлиника, ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Янги қуриб битказилган сув тақсимлаш иншооти эса соатига 420 метр куб ичимлик сувини аҳолига етказиб бермоқда.

— Иншоотимиз замонавий техник воситалар билан таъминланган, — дейди «Андижон сув таъминоти» АЖ бош муҳандиси Ҳумоюн Алимов. — Барча жараёнлар махсус дастур асосида компьютер ёрдамида амалга оширилади. Бу таъминотнинг узлуксизлигини, истеъмолчиларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатишни кафолатлайди. «Янги Андижон шаҳри» лойиҳаси ўн йил муддатга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда биринчи босқичи амалга оширилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда иншоотда захира майдони ташкил этилган, эҳтиёж туғилганда уни ишга тушириш имконияти мавжуд.

2024 йилда 33 миллиард сўмлик лойиҳа асосида «Экспресс бунёдкор сервис» масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиши бошланган ушбу иншоотнинг сиғими 4 минг метр кубдан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?