Яна бир ҳужжат ратификация қилинади

19:49 09 Январь 2023 Сиёсат
605 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида «Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур Конвенция 1977 йил 1 июнда Халқаро меҳнат ташкилоти Бош конференциясининг 63-сессиясида қабул қилинган бўлиб, 1977 йил 20 июнда кучга кирган. Халқаро ҳужжатда иш жойларида меҳнат шароитларини, жумладан, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускунларнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш, шунингдек, меҳнат шароитларини қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлаштириш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш белгиланган.

Ратификация амалга оширилиши иш жойида ҳаво ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги халқаро стандартларни мамлакатимизда жорий этишга хизмат қилади. Бу масалалар Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга, иш берувчиларнинг ходимлар олдидаги масъулиятини кучайтиришга асосларни янада мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳужжат бир овоздан маъқулланди.

Йиғилишда депутатлар «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқиб, маъқулладилар.

Йиғилишда фракция фаолиятига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон ХДП фракциясининг 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси депутатлар фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида тасдиқланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?