Яхши келса ҳут…
Баҳорнинг табиати қизиқ. Қуёш чарақлаб турган онда бирдан шамол турадию атрофни қора булут кўланкаси эгаллаб олади. Сўнг ёмғир ёғади, у ҳатто қорга айланади. Худди шу кеча-кундуздагидек…
Кўкламнинг биринчи ойи ҳам яримлаб қолган бўлишига қарамай, юртимизнинг кўпгина ҳудудларида “лайлак қор” ёғиб ўтди. Дала-дашт оппоқ либос кийди. Об-ҳавонинг бундай инжиқлиги чорвадорлар, деҳқонлар учун баъзи муаммоларни ҳам туғдираётгани табиий. Айниқса, зироатчилик ортидан даромад топадиган инсонлар зудлик билан экин-тикинни, мевали дарахтларни совуқ уришидан асраш чораларини кўриши керак.
Аслида, халқимиз — доно, синчи халқ. Об-ҳавонинг турқу авзойини, турли жонзотларнинг хатти-ҳаракатини доим синчков кузатади, муайян таҳлиллар асосида эртанги куннинг об-ҳавосини, ҳатто йилнинг қандай келишини тахмин қилади. Масалан, қантағ оғгач, яъни тўққизинчи февралдан қуёшнинг нурларида тафт сезилади. Илиқ насимдан, тупроқда ҳароратнинг кўтарилишидан борлиқда ажиб бир жонланиш, ҳайвонот ва наботот оламида уйғониш рўй бера бошлайди. Бу қаҳратон қишнинг чекиниб, кўкламга йўл бўшатаётганини билдиради. Шу боис “Қантар оғса, қор турмас”, дейди одамлар.
Бироқ халқимиз биринчи мартдан аямажуз киришини ҳам яхши билади. Ҳаво ҳарорати кескин совиб, аксар ҳолларда қор бўронлари авжга минишини чамалайди, шунга яраша тадорик ҳам кўради. Уйида оловни ўчирмайди, даласига, томорқасига ҳозир бўлиб туради. Эл бу аёзли, қировли кунларни алоҳида тавозе билан “азиз момо” дея аташи ҳам шундан. У билан ҳазиллашиб бўлмайди. Чунки азиз момо уч ойлик бутун қишга қараб айтадимишки, “Тўқсон, бир кунимча йўқсан!»
Билгувчи бобо-момоларимиз яна таъкидлайди:
Азиз момо олти кун,
Қалтираса — қатти кун.
Сакранса — саккиз кун,
Тўқранса — тўққиз кун,
Ўқранса — ўн кун…
Демак, шу кунларда юртимизда кузатилаётган совуқ ҳарорат тасодифий, фавқулодда ҳолат эмас, балки баҳорнинг биринчи ойида аксар йилларда азалдан рўй бериб келаётган табиат ҳодисаси. Бундан баъзи кишиларнинг, жумладан, деҳқону чорвадорларнинг ҳадик-хавотирга тушиб, одатий режаларидан чекиниши, кундалик иш тартибини ўзгартириши ярамайди. Бундай вазиятда халқимизнинг қадимий урф-одат ва анъаналарини, айтимларини, қадриятларини яхши билган, улардан тегишли хулосалар чиқариб яшайдиган, ишлайдиган инсонлар ютади, чунки улар ҳар қандай шароитга доим тайёр туради.
Табиатда ҳеч нарса беҳикмат бўлмас. Бугунги ёғингарчиликлар эртамизнинг қут-баракаси, тўкинчилигимиз манбаи. Йил давомида сув мўл-кўл бўлса, экинзорлар қақраб-қақшаб қолмайди. Ўт-ўланнинг зўридан чорва моллари ҳам ҳузур кўради. Ахир аждодларимиз билиб айтишган: “Яхши келса ҳут — кади-кади сут…” Бу йилги 21 февралдан бошланган ҳут ойи яхши келганини эса айни кунлардаги қору ёмғирлар кўрсатиб турибди.
Дилшод КАРИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг