Ворислик ҳуқуқини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди

20:02 19 Декабрь 2025 Жамият
520 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида “Ворислик ҳуқуқини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Тошкент Давлат юридик университети вакиллари, Ўзбекистон Нотариал палатаси раҳбар ва мутахассислари ҳамда нотариуслар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори ўринбосари Восиджон Эргашев ва Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров олиб борган давра суҳбатида иштирокчилар Ўзбекистонда амалдаги ворислик ҳуқуқи йўналишида мавжуд камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари, шунингдек, қонунчилик соҳасига шиддат билан кириб келаётган рақамлаштириш ва ислоҳотлар, ижтимоий тармоқлар ривожланиб бориши туфайли янгидан-янги мерос турлари ва ҳуқуқи пайдо бўлаётгани ҳақида сўзладилар.

Профессор Нурилла Имомов “Facebook”, “Instagram”, “YouTube” ва бошқа ижтимоий тармоқларда мерос қолиши мумкин бўлган электрон мерос турлари, уларга келажакда мерос ҳуқуқини бериш ва нотариал тасдиқлаш ҳақида сўз юритди.

— Ворислик ҳуқуқи бўйича Адлия вазирлиги ва Нотариал палата томонидан тизимли тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилмоқда. Айтиш жоизки, 9 ойда нотариуслар томонидан амалга оширилган 182 000 та мерос ишларидан атиги 50 таси ҳақиқий эмас деб топилган, бу жами мерос ишининг бир фоизи ҳам эмас, — дейди Адлия вазирлигининг Нотариат, адвокатура ва медиация бошқармаси бошлиғи Маъсум Ҳатамов. — Шу 50 та мерос иши ҳам фуқароларимиз томонидан меросхўрларни яшириш ва бошқа шу каби ҳаракатлар туфайли бекор қилинган. Бу нотариусларимизнинг тажриба ва маҳорати юксаклигидан дарак беради. Албатта, мутахассисларимиз ва нотариусларнинг ўзлари ворислик ҳуқуқи бўйича хорижий тажрибаларни ўрганиб, қонунчиликни такомиллаштириш борасида таклифларини беришмоқда, бу эса соҳада ислоҳ қилиниши керак бўлган камчиликларни бартараф этишга ёрдам беради.

Давра суҳбати якунида қонунчиликни такомиллаштириш учун бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер