Ватанга муҳаббат рамзига айланган сиймо
(Мактуб-эссе)
1
Улуғ аждодимиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаноби олийлари!
Камина бир ушоғингиз, ўзлари мўътабар “Бобурнома”да зикр этган Марғинон кунчиқишида, водийнинг марказида, чет бир қишлоқда туғилган камтарингина шогирд... Азиз таваллуд кунингиз муносабати билан мактуб ёзиб, Сизни муборакбод этишга жазм қилдим... Имом Бухорий, Беруний, Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби ва бошқа табаррук зотлар билан хаёлан суҳбатлашиб туриш одатимдир.
Аввало, шундай қутлуғ кунлар, улуғ аждодларимизнинг таваллуд айёмларини нишонлаш дунёларга бергисиз бир савобки, улар ўзлигимизни англашга, эртанги кунимизга синчковлик билан қарашга, ҳушёрликни қўлдан бермасликка, бепарво бўлмасликка ундайди ва чорлайди.
Биз, аввало, ўзимизнинг кимлигимизни яхши, яхши эмас, яхшироқ англаб олишимиз керак. Бу — аксиома. Қувончлиси шуки, айнан ортга қайтмас ўзимизни англаш жараёни дадил олға силжимоқда. Унинг бошида Президентимиз Шавкат Мирзиёев турибди. Бу таҳликали замонда донишмандлик, узоқни равшан кўра олишлик, босиқлик ва шижоат билан олиб борилаётган раҳнамолик, юрт бошқариш туфайли янги Ўзбекистоннинг мавқейи жаҳон ҳамжамиятида ортиб бормоқда. Осиёда, Европа ва Америкада тан олиняпти, ҳали мамлакатимизга келмаган давлат раҳбарлари ташриф буюришга шошилмоқда. Саноат кескин ривожланиш палласига кираётир (ахир бизда бир вақтлар гугурт ҳам ишлаб чиқарилмаган), қудратимизга қудрат қўшаётир. Хорижликлар бизларга ҳавас қилмоқда, юртимизни зиёрат қилишга келаётган туристлар сони тобора кўпаймоқда...
Мени ниҳоятда мамнун этган ҳодиса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 январда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ахборот масалаларига алоҳида тўхталгани, хусусан, ахборот маконида миллий контентни кенгайтириш масаласи бўйича теран фикр-мулоҳазалар юритгани бўлди. Бағоят долзарб муаммо кўтарилди!
Тан олайликки, шу пайтгача биз маълумот олишда, асосан, Россия ахборот воситаларидан фойдаланамиз, шунга ўрганганмиз, қизиғи, улар нима деса (ёлғон бўлса ҳам), ҳақиқат шу эканда, деб қабул қилиш бизга одат бўлиб қолган. Россия каналларида тўппа-тўғри юзимизга иғвогарона гаплар, туҳматлар, ҳатто халқимиз, давлатимиз шаънига ҳақоратлар ёғдирсалар ҳам жим қараб ўтирамиз... Улар шундай йўл билан ташвиқотни кучайтириб, нафақат ўз телетомошабинларида, балки дунёда ҳам носоғлом кайфият уйғотади. Шундай экан, ҳар қандай танқидга жавоб бериш керак.
Янги Ўзбекистоннинг асил ҳақиқатларга асосланган ўз миллий контенти яратилиши жуда зарур, токи у Ўзбекистоннинг ўз сўзи бўлсин!
Юқорида жаҳонда юртимиздаги ривожланишлар, бу тараққиётни ҳайрат билан кузатаётганлар бор, дедик. Лекин улар ичида олакўзлар учраши кишини ташвишлантиради. Яшнаб бораётган чаман, обод шаҳарлар баднафсларнинг кўзини ўйнатади. Уларнинг ичида қора ният этагини тутганлар тап-тортмай иддао қилишлари кўнгилларга хиралик солади... Ҳаммамиз ҳушёр бўлмоғимиз ҳам фарз, ҳам қарз!
2
Улуғ ватандошим! Ватанпарварлик рамзига айланган сиймоингиз ҳаммамизни руҳлантириб туради, ахир Ҳиндистонда, олис Аграда туриб, ўша “қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм” бўлмаган она юрт Андижонни соғиниб, бир қовун тилигига маҳтал бўлганингиз Ватанга содиқлик, буюк ватанпарвар эканингиз белгиси эмасми? Жаҳонда ўхшаши йўқ дурдона асарингиз “Бобурнома”, она тупроқ соғинчи билан йўғрилган ғазалларингиз, наинки бугун, балки кейинги авлодларга ҳам мангулик ибратдир, абадулабад ифтихордир!
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, буни мақтов деб тушунмасинлар, асил ҳақиқатни айтаман: она тилимиз камолга етиши учун бутун кучини аямаган улуғ Алишер Навоийга садоқат кўргизиб, уни сидқидил қўллаб-қувватлаб, Андижонни таъриф қилганларидай: “Эли туркдур. Шаҳр ва бозорисида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била рост...”лигидан келиб чиқиб, “Бобурнома”дай тенгсиз ва бебаҳо асарни ўша вақтда урф бўлган форс тилида эмас, балки она тилимизда иншо этдилар ва она тилимиз хазинасига хазина, парвозига парвоз қўшдилар! Бунинг ўзи миллатпарварликнинг, ватанпарварликнинг олий намунаси эди.
Президентимиз Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган мажлисида ажойиб мавзу — ватанпарварлик ҳақида гапирди. Ҳар биримиз ўзимизга савол бериб кўрайлик: бизлар ватанпарварлармизми?.. Шу ҳақда холисона фикр қилайлик. Душманни юртдан қувиб чиқариш учун қўлига қилич олиб жангга отланган малика Тўмарис, юртни деб ўз жонини қурбон қилган қаҳрамон Широқ, довруғи тилларда достон Спитамен, бир парча ерини душманга беришга рози бўлмаган хунлар хони Модехон, Туронзамин учун жон олиб, жон берган Амир Темур... Улар бешак-бешубҳа асил ватанпарварлардир.
Жанубий Кореяда фуқаро чет эл машиналарини сотиб олмайди, бунга интилмайди ҳам, фақат ўзларида ишлаб чиқарилган машиналардан фойдаланишади. Бу ғурур саналади, ватанпарварлик белгиси ҳисобланади. Бундан ўрганишимиз керак.
Яна “Бобурнома”га қайтайлик. Ўзларининг қисқа умрларида бир байрамни бир жойда икки марта ўтказиш насиб этмади, ҳамиша сафар, нотинчлик ва бесаранжомлик, кўч-кўч, тўполон, жангу жадаллар, хавф-хатарлар, саргардонликларда кун кечирганларига қарамай, шундай улкан асарни ярата олганлари мисли йўқ ҳайратланарли ҳодиса!
Буюк ибрат шундаки, улуғ ватандош, бу мўъжизавий асарни кимнингдир топшириғи билан эмас, балки ватансевар фидойи қалб амри билан, ёлғиз юксак фарзандлик бурчи этагини тутиб, она адабиёт олдидаги қарздорлик ҳисси залвари туфайли ҳеч қандай ғаразсиз (давлат мукофоти ёки бошқа сийловларни ўйламай, кўкрак нишонларидан умидвор бўлмай) адо этдилар! Бунга фақат таҳсин айтамиз!
3
Улуғ ватандошим! Сизга бир нохуш ҳодисадан хабар бермай иложим йўқ.
Ўзлари яхши билурлар, тилимизда беш ҳарфдан иборат, “юзсиз” деган сўз бор. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да унга шундай таъриф берилган: “Юзсиз — раъй-андишани билмайдиган, ор-номуссиз, уятсиз”. Бошқа суверен давлатларга ўринсиз таҳдид қилиш, туҳмат уюштириш, ноҳақдан бўлмағур даъволар ўйлаб топиш, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бировни беҳурмат қилиш, босим ўтказиш, бадном этишга уриниш, сурбетлик каби бундай иллатлар инсонлик қиёфасини йўқотганлардан келиб чиқади... Улар очиқдан-очиқ текинхўрлик, ҳаромхўрликдан ўзини тортмайдиганлар, айтилган сўзда турмайдиганлар, гапда дўстлик ҳақида оғиз кўпиртириб, амалда “дўстлик”нинг кўчасига ҳам йўламаганлар, ёлғончиликни бус-бутун касб-кор қилиб олганлардир. Бошқачароқ айтсак, бу ҳол бориб турган ноинсофликнинг айнан ўзидир. Булар ёвузлик империясининг “сифат”лари.
Кимлигининг тайини ҳам йўқ, ҳаммага танилиб шов-шув кўтармоқчи бўлган одам, агар тўнини тескари кийиб кўчага чиқса, бас, дарҳол оламга машҳур бўлади. Бундайларни биз бечора, ақли жойидамас, телба одамлар, деб атаймиз. Улуғ рус ёзувчиси Ф. Достоевский бекорга “Телба” романини ёзмаганга ўхшайди. Аммо биз ундайлар билан гаплашишни кўпда ўзимизга эп кўравермаймиз. Аммо на чора, гаплашишимиз шарт!
Яқинда россиялик бир бетавфиқ (номини келтиришни ҳам истамайди киши, улар кўп...), тўнини тескари кийганлардан бири очиқдан-очиқ “Ўзбекистонни қўшиб оламиз”, деб чиқди, кейин бошқаси ҳеч андишага бормай, инқилобгача ўзбеклар, қозоқлар, озарбайжонлар йўқ эди, деган бўлмағур гапни айтиб юборди... Бечора ва саводи ҳаминқадар, дунё тарихидан мутлақ бехабар одам экани аён кўриниб турибди.
1865 йилда Тошкентни босиб олган Чор Россияси ҳар хил алдов йўллар билан ёлғон сиёсат юритиб, халқимизни қул қилиш, мардикор сифатида ишлатиш, даланинг қора меҳнати билан халқимизнинг қўл-оёғини боғлаб ташлаш, ростакамига эзиш, хор этиш йўлида кўп ёвуз ишларни амалга оширди. 1874 йилда гўёки Туркистон халқига мурувват кўрсатиш маъносида чор подшоси томонидан: “Тузем (ерлик) халқ болалари эллик йил мобайнида армияга олинмайди” деган норасмий фармон тарқатилди. Бу мурувват эмасди, аслида мақсад бошқа эди, унинг тагида Туркистон болаларига қурол бермаслик, уларни ҳарбий хизматдан мутлақ нари тутиш, боболарга хос бўлган кучли ҳарбий руҳни, шиддат-шижоатни сўндириш, жанглардан қўрқадиган ҳарбий саводсизларга айлантириш эди. Улар ўзбек халқининг тарихда қанчалар жанговар ҳаёт кечирганини, Чингизхонни лол қолдирган Жалолиддин Мангуберди, Турон заминида буюк салтанат қурган соҳибқирон Амир Темур, уч юз йилдан ортиқ ҳукм сурган давлатни барпо этган Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари оламшумул лашкарбошилар етишиб чиққанини яхши эсларида сақлашарди.
Шу сабабдан, 1916 йилда Туркистон халқидан мардикорликка одам олинганда халқ қўзғолон кўтарганини олам афкор оммаси жуда яхши билади.
Авантюрачи большевиклар Чор Россияси сиёсатини “муваффақиятли” давом эттирди. Ҳеч ўзгариш йўқ, оқ ранг қизилга айланди, холос... Эски ҳаммом, эски тос. Моҳир саркардаларга, қаҳрамон жангчиларга айланиши мумкин бўлган чапани ва танти ўзбек йигитлари, асосан, “рабочий батальон”ларга олинди, улар ҳарбий таълимдан йироқ ерларда оғир меҳнатларга дучор қилинди, катта қурилиш майдонларига ташланди. 1962 йилда Москва ёнидаги Клин шаҳрида хизмат қилган амаким Абдуқаҳҳорни кўргани борганимда барчасининг гувоҳи бўлганим эсимда.
Большевикларнинг бошқа халқларни, жумладан, ўзбекларни камситишдан иборат ёмон одати бор эди. Бу уни тарихидан узиб ташлаш, қадим илдизларини қуритиш, саводсиз қолдириш, манқуртга айлантириш ва ҳоказодан иборат. Бир мисол келтираман:
Мустамлака даврида ўзбек халқининг “2 фоиз”и саводли (!) деб ҳисоблаш жуда урф бўлиб кетганди. Уялмай-нетмай шундай сафсатани дастак қилишни яхши кўрардилар. Лекин ҳеч ким бу ҳисобнинг қайси ўлчовдан олинганини сўраб-суриштирмасди. Улар айтдими, демак, бу рост, деб қабул қилинарди. Дунё фанига тамал тошини қўйган буюк алломалар чиққан халқнинг баҳоси шуми?.. Аслида бу фикрни гапирганлар, ўзларига ўзлари баҳо берганлар, десак, адолатли бўлади.
Таниқли татар олими А. Каримуллин этнослар ҳақидаги бир китобида шу масалага тўхталиб, “2 фоиз” деганда, буни айтганлар, рус тилини биладиган одамларнигина назарда тутган бўлсалар керак, деб киноя қилганди.
4
Улуғ ватандошим! Сезиб турибман, Сиз Ватанимда нималар юз бераётир, деб безовта бўлмоқдасиз... Ўзингизга маълум, халқимизга хос бўлган ҳамиша “кенгфеъллик”, “бағрикенглик”, “ишонувчанлик” каби урф-одатларимизни жуда ардоқласа арзийди, бари тенгсиз инсоний фазилатлар, лекин улар меъёридан ошиб кетса, зарар етказиши ҳам тарихдан маълум.
Ўзларининг бир ҳикматлари бор эди, жуда кўнглимга ўрнашиб қолганди, ҳатто уни шеърга солгандим:
Тор кўнгилли душманингни
Бартараф айлайин деб,
Ўтга-чўққа урма ўзинг,
Юрма беҳуда ғам еб.
Ўз ишинг қил. Ҳақ деб сени
Бир кун кўргизиб имдод,
Тор кўнгилли душманингни
Бартараф этгай ҳаёт!
Бу — тўғри... “Тор кўнгилли душман”ни ҳаёт бартараф этишига ишончим комил. Албатта, адолат қарор топади! Лекин... Бу қачон? Халқимиз, ҳар бир ватандошимиз, яъни сизу мен, улар — барчамиз дўппини ерга олиб қўйиб, дўст ким, душман ким эканини ажратиб олишимиз керак! Бугун замон талаби шундай бўлиб қолди. Лекин биз ҳали ажратганимиз йўқ...
Соҳибқирон Амир Темур уч нарсани маҳкам тутарди: “Мулк, хазина, қўшин”. Мулкни мустаҳкам қилиш, хазинани бойитиш ва қўшинни олий мақомга етказиш... Биз ҳеч кимга қарши курашмаймиз, биз душманга қарши курашамиз! Бизни ҳурмат қилганларнинг ҳурматини жойига қўямиз, бизга туҳмат этганларни эса бобомиздан улги олиб, муносиб жавоб берамиз. Бунга шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас!
Соҳибқирондан ибрат олиб мулкни барқарор қилиш, хазинани пойдор этиш, қўшинни эса тоғлардай қудратли кучга айлантириш йўлида қаттиқ қайғурганингизни яхши биламиз. Ўзлари мард ва қўрқмас, баҳодир сипоҳ-жангчиларни ҳамиша ардоқда тутганлар, шижоатли саркардаларини бош устига қўйганлар.
Мустақил янги Ўзбекистон — нуфузли, кучли давлат, катта мамлакат, у қудратли армияга эга. Ҳар қандай душман келса, шубҳасиз, ўзининг муносиб жавобини олади. Ҳарбий кучларимизга эътибор катта. Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида армиямиз Ватанимизнинг метин қўрғонига айланмоқда, халқ ва армия бирлиги мустаҳкамланиб бормоқда, такомиллашиш йўлида давом этмоқда.
Армиямизнинг қудратини ошириш, ҳарбий санъатни чуқур эгаллаш, стратегия ва тактикани теран ўрганиш борасида мақсадли изланишлар, ҳарбий маҳорат машқлари бир лаҳза ҳам тўхтагани йўқ. Айни пайтда мамлакатимизда ҳарбий саноатни жиддий ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлар ҳаммамизни қувонтирмоқда. Армиямиз энг зўр қурол-аслаҳалар, замонавий илғор техник анжомлар билан жиҳозланиши шарт. Мактаб ўқув дастурларига ҳарбий-ватанпарварлик дарсларини киритиш зарур.
Жанговар Қуролли Кучларимиз, баҳодир аскарларимиз ота-боболардан ўтиб келган, қонларида гупуриб турган жасорат, шижоат, баҳодирлик, ватанпарварлик туйғуларидан кўкраклари баланд, бошлари мағрур. Жаҳоннинг турли мамлакатларида ўтказилаётган ҳарбий салоҳият бўйича халқаро мусобақаларда биринчи ўринларни олиб келаётганлари бунинг ёрқин исботидир. Ҳа, Ўзбекистон аскарлари ўзларининг кимлигини дунёга кўрсатмоқда.
Улуғ ватандошим! Ҳамиша безовта пок руҳингизни, оз бўлсада, хотиржам қилай, деган умидда юқоридаги сўзларни ёзишга ошиқдим...
Боқий салом ва эҳтиром ила... шогирдингиз.
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг