“Ватан учун яшайлик!” республика танлови ғолиблари тақдирланди

16:59 30 Август 2023 Маданият
1421 0

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Ватан учун яшайлик!” республика танлови ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу танлов она диёримизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги йўлидаги улуғвор янгиланишлар, замондошларимизнинг ёрқин сиймолари акс эттирилган шеърий, насрий, болалар адабиёти, бадиий-публицистик йўналишдаги энг сара асарларни аниқлаш мақсадида эълон қилинди.

Жорий йилнинг 18 август куни танловга ҳужжатлар қабул қилиш якунланди.

Тадбирни уюшма раиси ўринбосари Ғайрат Мажид олиб борди. Унда танлов иштирокчилари, ижодкорлар, ҳарбийлар қатнашди.

– Ҳайъат аъзолари танловга келиб тушган жами 95 нафар муаллифнинг 244 та асарини кўриб чиқди, - деди шоира Фароғат Худойқулова. - Ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида нашр этилган китоблар, матбуотда эълон қилинган материллар жанр таснифи бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди.

Унга кўра, романлар – 7 та; қиссалар – 14 та; ҳикоялар тўплами – 24 та; шеърлар ва шеърий тўпламлар – 41 та; достонлар – 7 та; публицистик тўпламлар – 16 та; адабий-танқидий тўпламлар – 3 та; драма асарлар – 1 та; таржима асарлар – 1 та; ОАВда эълон қилинган мақолалар ва шеърий туркумлар – 130 тани ташкил этди.

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” мазмун-моҳияти, замондошларимизнинг фидокорона меҳнатлари, ижтимоий ҳаёт, маърифат ва маънавият соҳаларидаги оламшумул ўзгаришлар, юртимиз ободлиги, миллий қадриятларимиз ва ёш авлод камоли, миллий ғурур ва ифтихор, Ватан туйғуси ҳаётий мисоллар, теран фикр-мулоҳазалар билан тараннум этилган асарлар ҳайъат аъзолари томонидан холисона баҳоланди.

Ғолибларга Ёзувчилар уюшмасининг пул мукофотлари, диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирда совриндорлар сўзга чиқиб, бу каби танловларнинг аҳамияти катта эканлиги ва ижод маҳсулига бўлган эътироф учун миннатдорлигини билдиришди.

"Ватан учун яшайлик!" танлови ғолиблари

1-ўрин:
1. Миразиз Аъзам – “Йўлёзмалар” китоби учун.

2-ўрин:
1. Халила Давлетназаров – қорақалпоқ тилидаги “Баҳрамандлик” шеърий тўплами учун.
2. Абдужалол Раҳимов – “Абу Али ибн Сино” номли роман-трилогияси учун.

3-ўрин:
1. Шарофат Ашурова – “Дўмбира” номли ҳикоялар ҳамда “Қарши муқарнаси” бадиий публицистик китоблари учун.
2. Салим Ашур – “Мангу эл” шеърий китоби учун.
3. Бахриддин Садриддинов – “Гуллаган боғлар” номли шеърий ҳамда “Яхшидан боғ қолади” номли публицистик тўпламлари учун.

Рағбатлантирувчи мукофотлар:
1. Хусрав Саъдулло – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларининг тожик тилига таржимаси учун.
2. Юсуфжон Алихонов – “Илму адаб жавоҳирлари” ҳамда “Шоҳ Машраб ихлосмандлари” адабий-маърифий рисолалари учун.
3. Зулфия Юнусова – ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги “Ҳурлик фидойилари” воқеий қиссаси учун.
4. Тоир Рўзибоев – “Қиёфа” шеърлар тўплами учун.
5. Отабек Қувватов – болаларга бағишланган “Шодивойнинг ғаройиб саргузаштлари” қиссаси учун.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?