Варшавада Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган фотокўргазма очилди

Фото: “Dunyo” AA
Варшавада таниқли полшалик саёҳатчи, этнограф ва ўлкашунос Леон Баршчевскийнинг ўзбек халқининг XIX аср охирига оид тарихига бағишланган фотокўргазмаси очилди.
“Дунё” АА хабарига кўра, кўргазма Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси томонидан Зигмунт Ян Румла номидаги шаҳар кутубхонаси ва Леон Баршчевскийнинг невараси ҳамда архиви эгаси Игор Строецкий билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, Леон Баршчевский 1876 йилдан бошлаб Самарқандда 21 йил яшаган. Ушбу йиллар давомида ўзбек халқининг анъана ва урф-одатларини, ўша даврдаги тарихий воқеаларни акс эттирувчи 3 мингдан ортиқ фотосуратлар олган.
Кўргазма ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, анъаналари, халқ амалий санъати ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан таништиришга бағишланган.
Очилиш маросимида маданият марказлари, маҳаллий шаҳар музейи раҳбарияти ва ходимлари, маданият ва санъатшунос олимлар, Полшанинг машҳур амалий санъат усталари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Варшавада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари қатнашди.
Иштирокчилар республикамизнинг замонавий тараққиёти, салоҳияти ва туризм имкониятлари ҳақидаги маълумотлар билан танишдилар.
— Бугун биз Варшавадаги кутубхонада Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазмани очилиш маросимида қатнашдик, — дейди кўргазма ташкилотчиси, Леон Баршчевскийнинг набираси ва архивининг эгаси Игор Строецкий. — Шунингдек, ушбу кўргазмада Ўзбекистон бўйлаб саёҳатим давомида олинган фотосуратлар ҳам ўрин олган.
Тадбирга келганлар Ўзбекистон тарихи, миллий кийимлар, жумладан чопонлар, сўзаналар ва бошқа муҳим экспонатларни кўришлари мумкин.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон кеча ва бугун” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Юртимиз, тарихий шаҳарларимиз, меъморий обидаларимиз ҳақида намойиш этилган видеофильмлар намойиш этилда, улар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Санъатшунос олимлар, музей ходимлари, Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи ва маданиятига қизиқувчи санъат ихлосмандларининг юқори эътиборини жалб этаётган кўргазма 20 февралгача давом этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг