Ваъда қилинган йўл қачон қурилади?
Шаҳрисабз туманининг Шанбе маҳалласи туман марказидан қарийб 15 чақирим узоқликда, Ҳисор тоғ тизмаларига ёндош ҳудудда жойлашган. Айни пайтда маҳалладаги 1027 та хонадонда 4 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилади. Азалдан шанбеликлар чорва билан шуғулланиб келган. Чунки қишлоқ атрофидаги яйдоқ далалар, тоғ ёнбағирлари бу фаолият учун қулай бўлган. Бироқ кейинги 15-20 йил ичида ҳудуд анча гавжумлашиб, яйлов ерлар камайиб кетди. Шунга қарамай, ҳамон маҳалла аҳлининг тирикчилиги чорвадан.
– Сўнгги йилларда маҳалладошларимиз иссиқхона шароитида бодринг етиштиришни ҳам яхши ўзлаштиришди, – дейди “Шанбе” МФЙ раиси Фарҳод Сафаров. – Ҳозир маҳалладаги қарийб 20 фоиз хонадон шу фаолият билан шуғулланиб, даромад топмоқда.

Ҳа, маҳалла одамлари меҳнаткаш. Кимдир мол, қўй ёки парранда боқиб, яна кимдир эса томорқасида полиз ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш орқали қўшимча даромад олишга, фаровон турмуш кечиришга ҳаракат қиляпти. Савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, киракашлик, устачилик ёки шу каби кичик фаолият турлари билан шуғулланиб, даромад топаётган, яхши яшаётган хонадонлар кўп. Аммо маҳалла аҳлини қийнаётган, уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.
Масалан, йўл муаммоси. Бугунги кунда маҳалладаги 8 та кўчада жами 15 километрга яқин ички йўллар мавжуд. Ушбу йўлларнинг фақат 600 метр қисмигина бир неча йил аввал асфальт қилинган ва айни пайтда соз ҳолатда. Қолган 14 километрдан ортиқ ички йўллар эса ниҳоятда таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Қишда лой, ёзда тупроқ кўпчийдиган ўта таъмирталаб йўллардан нафақат автомобиллар, балки пиёдалар ҳам юришга қийналади.

– Тўғри, айрим йўлларимиз бундан 50-60 йил аввал асфальт бўлган, – дейди маҳалла фаоллари. – Лекин ҳозир у йўлларда асфальтнинг урвоғи ҳам йўқ, ўрнида катта-катта чуқурлар ҳосил бўлган. Қолган йўлларимиз эса тош-шағал йўллар ҳисобланади. Шағал йўлни бу йил созлаганингиз билан, бир йил ўтиб-ўтмай яна аввалги ҳолига келиб қолади.
Маҳалла аҳлининг эътирозига сабаб бўлаётган асосий жиҳат, Шанбе маҳалласи Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги ПФ-143-сонли фармони асосида жорий этилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига киритилиб, шу асосда ҳудуддаги 3 километрга яқин ички йўлларга асфальт ётқизилиши белгиланган эди. Аммо орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтди ҳамки, бу иш амалга ошмади.

– Маҳалламизда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида бир қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилган эди, – дейди Шаҳрисабз тумани ҳокимининг шу маҳалладаги ёрдамчиси Ғайбулла Ҳамидов. – Шундан ўтган йил давомида аҳолининг экинларни суғориш учун сувга бўлган талабини яхшилаш мақсадида 2 та артезан қудуқ қазиб берилди. 180 га яқин симёғочлар, 6 километрга яқин ҳаво кабеллари янгиланиб, электр таъминоти сезиларли яхшиланди. Тўғри, дастурда 2,7 километр ички йўлларни асфальтлаш ҳам кўзда тутилганди. Аҳолимиз айнан шу ишга хайрихоҳ эди. Лекин ҳозир бу лойиҳа амалга ошмай турибди. Чунки йўл учун пул ажратилмади.
Албатта, ҳукумат миқёсидаги ҳар бир дастур қанча-қанча ўрганишлардан сўнг имкониятлар таҳлил қилинган ҳолда қабул қилиниши маълум. Бироқ дастур қабул қилингани билан қуйи бўғинларда унинг ижроси тўлиқ таъминланмаса бундай дастурлардан нима наф?! Шанбеликларни қийнаётган савол ҳам шу.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
- Сурхондарёда 3 минг йиллик шаҳар қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг