Урганч халқаро аэропорти 8 августга қадар ёпилди

15:57 23 Июнь 2024 Жамият
757 0

Урганч халқаро аэропорти вақтинча ёпилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан жорий йилнинг 20 июль куни соат 00:01 дан шу йилнинг 7 августи соат 23:59 гача фаолиятини тўхтатади.

Қайд этилишича, учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатдан бери ишлаши ҳамда ҳаво кемаларининг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Хусусан, узунлиги 3000 м. ва эни 16 м. бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланади.

«Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади, йўловчилар Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида трансферлар билан таъминланади. Парвозлар ҳақида қўшимча маълумот олиш учун авиакомпанияларга мурожаат қилиш тавсия этилади», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги капитал таъмирдан сўнг Boeing 787 ва Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олади.

Маълумот учун, Урганч шаҳридаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер