Учқўрғонда халқаро мусобақа
Дунё мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлик, дўстлик алоқалари мустаҳкамланишида халқаро спорт мусобақаларининг ҳам аҳамияти беқиёс. Бугун нафақат республикамиз пойтахти, балки вилоятлар ҳам спортнинг кўплаб турлари бўйича нуфузли турнирлар, чемпионатларга мезбон бўлаётгани эса бу эзгу мақсадлар йўлида самаралари омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Учқўрғон туманида картинг пойгаси бўйича Наманган вилояти ҳокими Кубоги учун бўлиб ўтган халқаро мусобақа ҳам шундай тадбирлар сирасидандир.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан ўтказилган очиқ турдаги халқаро мусобақанинг 1-босқичида Россия Федерацияси, Тожикистон ва Қирғиз Республикалари, шунингдек, Сирдарё, Тошкент, Наманган вилоятлари, Тошкент шаҳридан иштирок этган спортчилар мазкур шиддатли спортнинг «Микро», «Мини», «Супермини», «Ок-Жуниор», «Патриот», «КФ», «КЗ» синфлари ва «Т-4 Патриот ўсмирлар» синфи бўйича баҳслашдилар.
— Учқўрғон тумани Ўқув спорт техника марказига тасарруфидаги картодром минтақамизда халқаро андозалар талабига жавоб берадиган ягона спорт иншооти ҳисобланади, — дейди «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Ахмаджон Аълохўжаев. — Бу вилоятимиз ёшлари ўртасида мазкур спорт турига бўлган қизиқишни ортиши ва бу йўналишда кўплаб муваффақиятларга эришишида муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бир қаторда картинг бўйича кўплаб халқаро мусобақаларининг шу ерда ўтказилаётгани ҳам вилоятимиз учун катта шараф. Бугунги кунда бу ерда 4-5 апрель кунлари картинг бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионатига тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзига хос жасорат талаб этиладиган ушбу спорт тури бўйича халқаро очиқ турнир иштирокчилари орасида спортчи қизларнинг борлиги, хусусан, опа-сингил Милена ва Сабрина Клейнларнинг «Супермини» ҳамда «Т-4 ўсмир» синфларида ғолиб бўлганликлари диққатга сазовор.
— Тезлик ва кескинликни болалигимдан ёқтираман, дейди, — мусобақанинг энг ёш қатнашчиси Милена Клейн. — Шу боис ҳозирда Тўрақўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактабида 3-синфда ўқиш билан бирга 2022 йилдан буён туман Ўқув спорт техника маркази секциясида картинг спорти билан мунтазам шуғулланиб келаяпман. Бугунги мусобақада ғолиб бўлганим мени яна янги ғалабалар сари ундайди. Келажакда дунё миқёсидаги спорт тадбирларида Ўзбекистонимиз байроғини баланд ҳилпиратиш.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақанинг 1-босқич натижаларига кўра умумжамоа ҳисобида ғолиблик шоҳсупасининг юқори поғонасини Наманган туман Ўқув спорт техника маркази жамоаси эгаллади. Тўрақўрғон тумани вакиллари 2-ўрин, Наманган вилояти спортнинг техник ва амалий турлари маркази жамоаси 3-ўринга сазовор бўлди.
Акрамжон Сатторов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг