Уч юз пуд ёки 3800 килограмм буғдойга сотилган китоб
Ўтмишимиз бениҳоя бой. Ибратомуз воқеалардан огоҳ бўлмоқ учун унга бир қур назар ташлашнинг ўзи кифоя. Мана, Аҳмад Донишни олиб кўринг. 1826 йилда Бухорода туғилган бу инсон зеҳни ўткир ислоҳотчи, файласуф,шоир, муҳандис, астроном, педагог, хуллас, қомусий олим сифатида тарихда қолган. Хусусан, «Наводирул-вақое» («Нодир воқеалар») китоби унинг буюк маърифатпарвар эканидан дарак беради.
Зеро, бу китобдаги олмос сўзлар худди ҳозиргина битилгандек , бугуннинг гапи бўлиб жаранглаб турибди. ”Ўғилларим, сизлар халқнинг ҳожатини чиқарадиган бир ҳунарнинг бошидан ушланглар... Илм олиб, ҳунар орттиришда ватандошларнинг ҳожатларини чиқаришни ният қилинглар” дея ёзади у. «Дунёда заҳматсиз роҳат, ташвишсиз неъмат топилиши мумкин эмас», деган ўлмас ҳикмат ҳам Дониш тафаккурининг маҳсули. Бундай сўзлар вақт ва замон олдида ҳеч қачон эскирмайди.
Халқ орасида Аҳмад Махдум, Аҳмад калла номлари билан ҳам танилган Дониш яхшигина рассом, ажойиб наққош, меъмор бўлган. Тадқиқотчиларнинг билдиришларича, иқтидорига тан берган амир Насруллохон уни сарой бош меъмори вазифасига тайинлаган. Гўзал иншоот — Ситораи Моҳи Хоссанинг бунёд этилишида Дониш ўз ҳиссасини қўшган.
Эътиборлиси, у моҳир хаттот сифатида ҳам танилган.Умар Хайём, Алишер Навоий, Фузулий, Бедил ва бошқа мутафаккирларнинг маънавий меросини қунт билан ўрганган ҳолда қўлёзма асарлардан нусха кўчириш ҳадисини олган. Табиийки, маҳорат билан китобаат қилинган асарнинг қадру қиммати янада ошган. Бунга Садриддин Айний шундай гувоҳлик беради: “Мен Аҳмад Махдум кўчириб, расм ва лавҳалар билан безаган бир "Юсуф ва Зулайҳо" китобининг уч юз пуд буғдойга сотилганини кўрганман”.
Уч юз пуд дегани бу 3800 килограмм буғдой эканини инобатга олсак, ўша кезларда китобнинг қадру қиммати жуда юксак бўлганини, китобни эъзозлаш, уни энг яқин дўст деб билиш азал-азалдан қон-қонимизга сингганини сезиш қийин эмас.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг