Уч вилоятда коррупцион ҳолатлар фош этилди (+видео)

Фарғона, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида коррупцион ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, шу йилнинг январь ойида Фарғона вилояти Фурқат туманидаги «Ёшлар кичик саноат зонаси» ҳудудидан маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга қурилиш материаллари ишлаб чиқариш мақсадида узоқ муддатга 22 сотих ер майдони ижарага берилган.
Лекин, муқаддам судланган МЧЖ раҳбари сотиш ҳуқуқи бўлмасада, ушбу ер майдонини харидорга 52 минг АҚШ долларига сотишга келишиб ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси»да ишловчи таниши орқали унинг номига хусусийлаштириб бериши эвазига 15 минг АҚШ доллари, жами 67 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси»нинг Фурқат тумани бўйича етакчи мутахассиси МЧЖ раҳбари билан бирга 15 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси юрисконсульти вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилаётган маъмурий ишни мансабдор танишлари орқали Бўка туманида аҳолига хизмат кўрсатувчи МЧЖ таъсисчиси фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан юрисконсультга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шу каби яна бир ҳолат Сурхондарё вилоятида ҳам аниқланган.
Унга кўра, Шўрчи тумани давлат солиқ инспекциясининг солиқ инспектори хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда 1999 йилда туғилган фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий тадбиркорга тегишли бўлган МЧЖнинг 19 миллион 400 минг сўмлик солиқ қарздорлигини сўндириб бериш эвазига 8 миллион сўм талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Прокуратура ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, дастлаб 1999 йилда туғилган фуқаро сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга тушган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу фуқародан 6 миллион сўмни учинчи шахс орқали олган вақтида солиқ инспекторининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Айни вақтда солиқ инспекторига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан, унинг жиноий шериги бўлган фуқарога эса Жиноят Кодексининг 28,168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 212-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг