Уч ҳудудда мансабдор шахсларнинг ер билан боғлиқ жиноятлари фош бўлди

Наманган, Андижон ва Қорақалпоғистонда бир қатор мансабдор шахсларнинг ер билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлари фош бўлди. Бу ҳақда ДХХ хабар қилди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокимининг ўринбосари Тахиатош туманида фаолият олиб бораётган қизилмия илдизларини қайта ишлашга ихтисослашган МЧЖ раҳбарига қизилмия илдизини етиштириши учун Беруний тумани ҳудудидан 150 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 12 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Наманган вилоятида қайд этилган ҳолатда, Косонсой туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг 24 гектар ер майдонини мансабдор таниши орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 240 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 50 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Бундан ташқари, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг мансабдор таниши ҳисобланган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Агросаноатни ривожлантириш агентлиги» давлат муассасасининг Косонсой туман лойиҳа офиси бош мутахассиси юқоридаги ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритувчи мансабдор шахс Андижон туманидаги пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари томонидан 6 сотих ер майдонига ноқонуний қурилган бино ва иншоотлар бўйича ҳисобланиши керак бўлган зарарни камайтириб хулоса бериш эвазига 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд вилоятида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг бош мутахассиси пора олаётган вақтида қўлга тушгани ҳақида хабар қилгандик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг