Туркиялик фуқаро мурожаати сабабли «Uzbekistan Airways»га чора кўрилди

18:56 14 Апрель 2025 Жамият
285 0

Рақобат қўмитаси Анқара-Тошкент рейси билан учган Туркия фуқароси ҳамда «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси ўртасида келиб чиққан можаро юзасидан қарор қабул қилди.

Унга кўра, Туркия фуқароси Қўмитага мурожаат қилиб, авиакомпаниянинг Анқара-Тошкент рейсида йўловчининг соғлиги учун муҳим бўлган махсус (глютинсиз) овқат етказиб бермаганлигини билдирган. Йўловчи чипта сотиб олиш чоғида ўз соғлиғи билан боғлиқ вазиятни олдиндан авиакомпания билан келишиб олган ва авиакомпания ушбу махсус овқат рейсда таъминланишини кафолатлаган бўлган. Бироқ, парвоз куни бу талаб бажарилмаган.

Бундан ташқари, мурожаатда самолёт салонининг санитария-гигиена ҳолати талабга жавоб бермагани, йўловчи ўтирган жойда олдинги рейсдан қолган чиқиндилар мавжудлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.

Қўмита томонидан «Uzbekistan Airways» АЖ авиакомпаниясига юборилган сўров бўйича ўтказилган хизмат текшируви натижасида йўловчи ҳақ эканлиги, махсус овқатни Анқара аэропортидаги кейтеринг хизмати томонидан етказиб берилмаганлиги тасдиқланди.

Натижада, йўловчига етказилган маънавий ва моддий зарарни қоплаш мақсадида авиакомпания томонидан истеъмолчининг кейинги рейсида хизмат кўрсатиш классини бизнес-классга ошириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди ва манфаати ҳимоя қилиниши таъминланди.

Шу билан бирга, самолёт салонидаги санитария-гигиена ҳолати бўйича ҳам масъул ташкилотга қўшимча назорат чоралари ўрнатилиши белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?