Трампнинг Украинага ёрдамни тўхтатиши Россия учун ҳам зарарли бўлиши мумкин – АҚШ генерали

12:09 04 Март 2025 Дунё
245 0

АҚШнинг собиқ генерали Бен Ҳоджеснинг фикрига кўра, Россия–Украина уруши давом этаётган бир пайтда АҚШ ҳарбий ёрдамининг тўхтатилиши Москва учун ҳам катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Унга кўра, бу вақтинчалик тўхталиш узоқ муддатли нуқтаи назардан Россиянинг ўзи учун ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли бор.

Қайд этиш керакки, АҚШ–Украина муносабатлари Доналд Трамп президентлик лавозимини эгаллаган январь ойидан буён таранглашган эди. Ушбу кескинлик 23 февраль куни Оқ уйда Трамп, АҚШ вице-президенти ЖД Венс ва Украина Президенти Володимир Зеленский ўртасида ўтган баҳсли матбуот анжуманида янада кучайди. 26 февраль куни эса Трамп АҚШ томонидан Украинага ажратилган ҳарбий ёрдамни вақтинча тўхтатиб қўйганини маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг «Bloomberg» агентлигига берган маълумотига кўра, Трамп бу ёрдамни фақатгина Украина тинчлик йўлида «самимий ҳаракат қилаётганига ишонса», қайта тиклаши мумкин. Ҳоджес CНН телеканалига берган интервьюсида бу қарор Украинага зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади, лекин бу АҚШни европалик ҳамкорларидан узоқлаштириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтди.

Генералнинг сўзларига кўра, Россия аллақачон оғир вазиятда. Украиналиклар АҚШнинг тўлиқ ҳарбий ёрдамисиз ҳам Россияни ушлаб тура олишди, дея таъкидлайди у. Шунингдек, агар Европа мамлакатлари ўзларининг саноат имкониятларини бирлаштириб, Украинага ёрдам беришни кучайтирса, АҚШ келажакда бу қароридан афсус чекиши мумкинлигини билдирган.

Оқ уй матбуот хизмати Трампнинг қарори ҳақида изоҳ бериб, президент «тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратаётганини» таъкидлаган. Шунга қарамасдан, АҚШнинг собиқ Россиядаги элчиси Майкл Макфол бу қарорни танқид қилиб, уни «демократик Украина учун зарба, авторитар Россия учун эса мукофот» деб атади. Демократ конгрессмени Брендан Бойл эса Трампнинг қарорини «миллий хавфсизликка таҳдид» сифатида баҳолаб, АҚШ Конгресси бу маблағларни етказиб бериш ҳуқуқига эга эканлигини эслатиб ўтди.

Ҳозирда Россия–Украина урушининг келажаги мавҳумлигича қолмоқда. Агар Украина АҚШ ҳарбий ёрдамини бошқа давлатларнинг кўмаги билан тўлдира олмаса, мамлакатнинг ҳарбий ҳолати тез орада янада оғирлашиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?