Тожинор муаллимнинг гуллари

10:26 14 Октябр 2025 Жамият
164 0

Самарқанд вилоятининг чекка ҳудудларидан бири Каттақўрғон туманидаги Янгиравот маҳалласида истиқомат қилувчи Тожинор Норова асли муаллим. Узоқ йиллар мактабда дастлаб бошланғич синф ўқитувчиси, кейинчалик информатика ва математика фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Ҳозир нафақада бўлишига қарамай, ўзининг мўъжазгина ҳовлисида анвойи гуллар етиштириб, одамларга гўзаллик улашиб келмоқда. Ёшлигидан гулларга меҳр қўйган Тожинор опа 10 йилдан буён 4 сотих иссиқхонада 200 турдан ортиқ гулларни парваришламоқда.

– Ҳаётимдаги энг севимли машғулот гулчиликдир. Улар мени доим маҳлиё этган: уйда, кўчада, ишда, – дейди Тожинор муаллим. – Гуллар хилма-хиллиги ва ифори билан ҳайратда қолдиради: оддий дала гулларидан тортиб, нафис боғлардаги атиргулларгача. Аввал бошланишига оддий гуллардан экиб кўпайтирдим. Кейин бошқа мамлакатларда ўсадиган ноёб гулларни ўстиришга киришдим. Ҳозирда иссиқхонамизда Италия, Ҳиндистон, Хитой, Туркия, Озарбайжонда ўсадиган 200 дан ортиқ турдаги гуллар мавжуд. Гуллар парвариши билан шуғулланиб тинимсиз ҳаракатда бўламан. Бу соғлигим учун ҳам фойда.

Ўтган йили гулчиликдан 120 миллион сўм даромад топган Тожинор Норова жорий йилда 150 миллион сўмга яқин фойда олишни кўзлаяпти. Дарвоқе, гулчилик даромади ҳисобидан Лабо автомобилини харид қилди. У гулларни харидорларга етказиб бериш, бошқа юмушларда беминнат дастёр.

Тожинор Норова фаолияти орқали нафақат ўзининг ёшлик орзусини рўёбга чиқарди, балки маҳалладаги кўплаб хотин-қизларни ҳам ишли қилди. Бугун маҳаллада Тожинор опага ҳавас қилиб гул етиштираётган соҳибкорлар сони ортиб бормоқда. Бу уларнинг оилавий бюджетига ҳам фойда келтирмоқда.

Юртимизда гулчиликни ривожлантиришга берилаётган имтиёзлар ушбу йўналишда фаолият кўрсатиб келаётган ватандошларимизга янада кенг имкониятлар яратмоқда. Турфа гул кўчатлари етиштириб келаётган Тожинор Норова ҳам бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, келгусида ўз тадбиркорлигини янада кенгайтириш ниятида. Ўз тажрибасини бошқаларга ҳам ўргатиб, янги иш ўринларини яратишга бел боғлаган. Муаллима учун бир парча ерни ҳам гулзорга айлантириш оддий юмушга айланган: тупроқни тайёрлайди, кўчатларни экади, сувни ўз вақтида қуяди, бўшатади, бегона ўтларни олиб ташлайди. Бу кундалик машаққатли меҳнатдан сўнг ўз ишининг натижасини кўрганидан хурсанд.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?