Томда пилла етиштирган аёл

13:02 25 Апрель 2020 Жамият
2248 0

Ҳа, ишонаверинг, шундай бўлган. Қўшқайрағоч маҳалласида яшовчи Гулнора Худойбердиева замонамизнинг оддий, шукроналикдан бошқасини билмайдиган фидойи аёлларидан. У халқимиз суйиб “кумуш тола” деб ардоқлайдиган пилла етиштиришнинг ҳадисини олган. Тўрақўрғон туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Зоҳида Кенжаева ўзаро суҳбатлардан бирида пиллакор ўтган йили қуртни ҳатто ўзи яшайдиган уйнинг чордоғида ҳам парваришлаганини айтиб қолди.

-15 йилдан бери қурт боқаман. Бу юмуш онамдан мерос қолган. Аллоҳнинг мўъжизасида бу жонивор. Қаранг, митти қуртчалар аввал қоп-қора, кейин оппоқ тус олади, етилиб ипак тўқийди. Ўтган йили шундай ҳолат бўлди. 38 грамм уруғ олганман. Уйимда хоналар етишмагани сабаб нима қилишни билмай қолдим. Кейин томда боқсам-чи, деган фикр хаёлимга келди. Нарвонда кўтарилиб, чордоқни шинам қилиб тозаладимда, сўкичак ясадим. Кейин қуртнинг бир қисмини олиб чиқдим. “Азбаройи яхши кўрганимдан сизларни уйимнинг иккинчи қаватида боқмоқчиман” дея Худога таваккал қилиб ишга киришдим. Том ҳаво яхши айланиб турадиган жой экан. Шунақа пилла етишдики. Аммо, то ҳосилни йиғиштиргунча ўзим ҳам томда яшадим,-дейди кулиб Гулнора.

Уйдаги алоҳида хона, унга қўшимча томда боқилган ипак қуртлари яхшигина ҳосил берди. Қабул пунктига 138 кило пилла топширган оила бир ойлик самарали меҳнати эвазига 3 миллион сўмга яқин даромад олди.

Худойбердиевлар хонадони асосан оилавий бизнес ҳисобига турмуш кечирадиганлардан. 12 сотихли ҳовлида йўқ меванинг ўзи йўқ, ерга картошкадан тортиб, кўкатлар, резаворларгача экилади. Томорқа, пиллачилик, чорва боқишдан топилаётган миллионлаб даромад рўзғор харажатларидан ортиб орзу-ҳаваслар ушалишигача бемалол етиб турибди. Саранжом-саришта аёл ҳашаматли бўлмаган уйида жуда бахтли. Негаки, йилнинг тўрт фаслида ҳам тиниб-тинчимаган Гулноранинг тўрт фарзанди бўлиб, барчаси олийгоҳларда ўқишади. Каттаси Дилмурод Андижон тиббиёт олийгоҳи битирувчиси, қизи Рислиғой Наманган муҳандислик-технология институтида талаба. Эгизаклари Ҳасан-Ҳусан Корея давлатидаги нуфузли институтга киришди.

Бугун хонадон соҳибаси меҳнати қисқа вақт давом этса-да рўзғорга яхшигина барака киритадиган ипак қурти парвариши билан банд. Томорқа юмушлари, қорамоллар қарови ҳам жойида. Бу сингари омилкорлик муҳити шаклланган оила асло бировнинг кўмагига қараб қолмайди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер