Тойлоқда томорқачилик асосида янги иш ўринлари яратилмоқда
Бугун маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини ўзини ўзи банд қилишга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, аҳоли томорқаларидаги бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тойлоқ туманининг Сариосиё маҳалласида фаолият юритаётган томорқачи ва ишбилармон аёллар — Мастура Суюнова ҳамда Гулчеҳра Худойназарова ана шу йўналишда ибратли ташаббусларни амалга оширмоқда. Улар ўз хонадонларида замонавий иссиқхоналар ташкил этиб, самарали фаолият юритиб келмоқда.
Хусусан, Мастура Суюнова ўз ҳовлисида 4 сотих майдонда иссиқхона барпо этиб, 3 нафар оила аъзосини доимий иш билан таъминлаган. Айни пайтда у қулупнай етиштириш билан шуғулланиб, ушбу фаолият орқали 200 миллион сўмгача даромад олишни режалаштирмоқда.
— Биз ҳовлимизда 12 сотих ерда лимонария ва қулупнайчиликни йўлга қўйиб, 5 нафар ёшни доимий иш билан таъминладик, — дейди Гулчеҳра Худойназарова. — Ушбу фаолият орқали йиллик ўртача даромадимиз 500 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Мастура Суюнова ва Гулчеҳра Худойназарова бугун Сариосиё маҳалласининг фаол, ташаббускор ва ишбилармон аёллари сифатида қўшниларига, айниқса хотин-қизларга муносиб намуна бўлиб келмоқда.
Туманнинг Бахшитепа маҳалласида истиқомат қилувчи Самад Қурбонов ҳам томорқадан самарали фойдаланиб, янги даромад манбасини яратган тадбиркорлардан бири. У аввал иссиқхонада кўкат ва сабзавот етиштириб келган бўлса, айни пайтда қўзиқорин етиштиришни ҳам йўлга қўйган.
Маълумки, қўзиқорин етиштириш сердаромад ва мавсум танламайдиган соҳа ҳисобланади. Уни уй шароитида йил давомида етиштириш мумкин. Самад Қурбонов декабрь ойида экилган уруғлар қисқа муддатда ҳосил берганини таъкидлайди. Айни пайтда қўзиқориннинг бир килограммини 25 минг сўмдан 40 минг сўмгача нархда сотиб, барқарор даромад олмоқда.
— «Вешенка» навли қўзиқорин етиштиряпмиз. Бу нав оқсилга бой ва бозорда ҳам харидоргир, — дейди тадбиркор. — 4×6 метрли хонага 100 қопда уруғ экиб, 30 кун ичида ҳосил олдик. Ҳар бир 5 килограмм субстрат жойланган қопдан 7–8 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Ҳозир ҳар икки кунда ўртача 30 килограмм қўзиқорин териб оляпмиз.
Тадбиркор келгусида қўзиқорин етиштириш ҳажмини кенгайтириш, шунингдек, ундан турли хил консерва маҳсулотлари тайёрлашни ҳам режалаштирмоқда. Унинг таъкидлашича, мазкур фаолият тури унча қийин эмас ва ҳар бир киши ўз асосий ишидан ажралмаган ҳолда қўшимча даромад манбаи сифатида йўлга қўйиши мумкин.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Котрина Кулбите — Литванинг «Энг яхши аёл мураббийи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг