Тоғай Мурод асарлари рус тилига таржима қилинди
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида истеъдодли ёзувчи ва таржимон Тоғай Муроднинг рус тилига таржима қилинган "Тарлан" китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Москвадаги "РИПОЛ классик" нашриётида чоп этилган мазкур китоб тақдимотида шоир Вафо Файзулло, филология фанлари номзоди Абдулла Улуғов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хорижий мамлакатлар билан алоқа қилиш бўлими бошлиғи А.Алимбеков, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ш.Қурбон ҳамда таржима муаллифлари Вадим Муродхонов ва Суҳбат Афлотунийлар иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилаётган бу каби тақдимотлар ёшларни маънавий баркамол этиб тарбиялашдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган ва нуфузли мукофотларга сазовор бўлган. Мазкур “Тарлан” китобидан Тоғай Муроднинг “Тарлан/От кишнаган оқшомлар” (Вадим Муратханов ва Герман Власовлар таржимаси) ҳамда "Ойдинда юрган одамлар/Люди, идущие в лунном свете” (Суҳбат Афлотуний таржимаси) асарлари ўрин олган.
Таржима жараёни ҳақида сўзлар экан, Вадим Муродхонов шундай деди: “Тоғай Мурод - қимматбаҳо тошлар хазинаси, жон ато этилган миллий нақш кабидир. Бу - асарлари европа тилларига таржима қилинган ўзбек насрининг забардаст вакили, ўзида фантастика ва реалликни, ҳажв ва фожеани мужассам этган қадимий Ўрта Осиё достончилигини янгилаган адиб. Унинг асарларини таржима қилиш ҳам мушкул, ҳам завқли. Бу - ички назм нафасига йўғрилган наср, нокитобий, жонли фольклор нурида битилган реалистик мактуб, нозик психология, ёрқин бўёқлар билан тасвирланган образлар йиғиндисидир.
Таржимон Евгений Абдуллаев Тоғай Муроднинг асарларидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди ва “Ойдинда юрган одамлар” қиссасининг рус тилига таржима қилинишида кечирган ҳиссиётларини таърифлади. “Тоғай Муроднинг нафақат асарларининг тили, балки номларини хам таржима қилиш мушкул. Бунинг учун у каби дунёқараш ва фикрлаш доирасига эга бўлиш керак”, - деди Евгений Абдуллаев.
Тадбирда шунингдек ўзбек ва рус шоирлари ўз шеърларидан намуналар ўқишди.
Фаррух ЖАББОРОВ
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рамазон ва тиббий ёндашув: кимлар эҳтиёт бўлиши керак?
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг