Тил билганга минг танга…ми?
Тил билганга минг танга, дейди доно халқимиз. Ушбу халқ мақоли ҳамма даврларда, айниқса, фан-техника, инновацион технологиялар жадал суръатда ривожланаётган бугунги кунда ғоят аҳамиятлидир. Хўш, бугун тилга қай даражада аҳамият беряпмиз? Халқимизнинг юқоридаги ҳикматли сўзлари қай даражада ўз исботини топмоқда?
Юртимиз тараққиёти, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашда хорижий тилларнинг ўрни беқиёс бўлиб, бу соҳада ўқитувчи-мураббийларнинг меҳнати, касбий лаёқати даражасининг юқори бўлиши, таълим самарадорлигини янада оширади. Аммо бу ўз она тилини ўрганмасликка олиб келмаслиги керак. Янги тилни ўрганиш ўз тилини унутиш эвазига бўлмаслиги лозим. Бугун мактабларда она тилининг дарс соатлари қисқариши ҳақидаги баҳсларни кузатиб, шу ўйни ҳамма хаёлидан ўтказаётгани аниқ.
Хорижий тил ўқитувчиси сифатида бугун ахборот теҳнологиялар ва хорижий тилларни яхши билган ёшлар мустақил ҳаётда қийналмай, ўз йўлларини осон топиб кетаётганини кузатмоқдаман. Наинки ўқитувчи, балки таржимон, дипломат, хусусий ўқув марказлари юритувчиси бўлиб фаолият олиб бораётган ёки хорижий давлатларда илмий изланиш қилаётган ёшларимиз камми? Бугун уларнинг сони кўп бўлса борки, кам эмас. Тил билганга минг танга деган мақол бежиз эмас экан демак. Бироқ шунга қарамай инсон ҳамиша ўз она тилига нисбатан алоҳида эътиборли бўлиши даркор. Боиси ҳар биримиз она тилининг тараққиёт занжиримиз. Битта занжир узилса у кейинги занжирларнинг ҳам мўртлашиб, узилиб боришига олиб келиши мумкин.
Яна шуни таъкидлаш жоиз, боланинг илм олиш, дунё қараш шакллантиришида педагогларнинг ўрни ўта муҳим саналади. Инглиз тили ўқитишда ўқувчиларнинг нутқий фаолиятини, оғзаки ва ёзма нутқни ўзлаштиришда янги педагогик инновацион технологияларнинг қўлланилишида боланинг ёш хусусиятларини ҳисобга олиш алоҳида маҳоратни талаб этади. Масалан, бошланғич синфларда инглиз тилини ўқитишда кўриш, эслаб қолиш, такрорлаш, хотира машқлари, аудио-видео материаллардан унумли фойдаланиш, дидактик ўйинларни миллий руҳиятдан келиб чиқиб ташкил этиш тил ўзлаштиришда самаралидир. Шунда бола ўз миллий қадриятлари билан ҳамнафасликда хорижий тилларни ўрганади. Шунингдек, оила шароитида ота-оналарнинг ҳам фарзандларининг тил ўзлаштиришларида эътиборли бўлишлари камлик қилади. Бола билан уй вазифаларини бажаришда, турли оилавий тадбирларда, кунлик мулоқотларда инглизча саломлашиш, боланинг дўстлари, яқинлари ҳақида суҳбатлашиш, спорт, мусиқа, табиат, истироҳат ва ҳайвонот боғлари, саноқ сонлари, йил фасллари, оилавий юмушлар кабиларнинг номланишларини биргаликда ўқиб-ўрганиш нафақат бола нутқини ривожлантиради, балки дунёқарашини ҳам ўстиради. Бу каби омиллар хорижий тилларни ўрганишда мактаб билан оила, устоз билан ота-она ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади, янада ривожлантириш кераклигини кўрсатади.
Бир сўз билан айтганда, хорижий тилни ўрганиш ўз она тилини унутиш, унга эътиборни сусайтириш эвазига бўлмаслиги лозим. Бунда инсон ҳар қандай янгиликни, айниқса, чет тилларни миллий қадриятлар билан ҳамнафасликда ўрганиши талаб этилади. Ўйлаймизки, келажакда ёш авлод мана шу йўсинда дунё тилларини ўрганиб, ўзбек тилининг-да жаҳон миқёсида нуфузи ортишига хизмат қилади.
Насиба Жабборова,
Сурхондарё вилояти,
Сариосиё тумани,
1-умумий ўрта таълим мактаби
инглиз тили фани ўқитувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг