Тежамкор “ақлли” иссиқхона

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида ақлли технологиялар кириб келмоқда. Мамлакатимизда томчилатиб суғориш, автоматлаштирилган ҳарорат ва намлик назорати, юқори ҳосилдор навлардан фойдаланиш орқали ҳосилдорликни бир неча баробар оширишга аллақачон эришилган. Иқлим ўзгариши ва ресурсларни тежаш талаблари қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришни мустаҳкамлашга ундамоқда. Бу йўналишдаги ислоҳотлар доирасида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш вазифаси белгиланди.
Сурхондарёда “Термиз нав синаш станцияси” тўлиқ модернизация қилинди. Натижада вилоятдаги биринчи “ақлли” иссиқхона барпо этилди. Бу иссиқхона фақатгина қишлоқ хўжалигидаги инновация эмас, балки табиий ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда ҳосилдорликни сезиларли оширишга хизмат қиладиган мукаммал тизимдир.
“Термиз нав синаш станцияси”даги ақлли иссиқхона ҳозирги замон технологиялари асосида қурилган. Ушбу иссиқхонада ҳарорат ва ер намлиги автоматик тартибда назорат қилинади. Ер намлиги етарсиз бўлганда томчилатиб суғориш тизими керакли миқдорда ишга тушади. Иссиқхонада ишлатилаётган асосий уч турдаги ўғитлар аниқ миқдорда аралаштирилиб, автоматик равишда далага йўналтирилади. Масофадан туриб назорат қилиш имконияти мавжуд. Электр энергиясининг асосий манбаи сифатида қуёш панеллари фаолият кўрсатмоқда. Иссиқхонага ўрнатилган 5 киловаттлик қуёш панеллари табиий энергиядан фойдаланишни таъминламоқда.
– “Ақлли” иссиқхонанинг қурилишига Жаҳон банки томонидан 180 минг доллар маблағ ажратилди, – дейди лаборатория бошлиғи Отабек Абдуллаев. – Иссиқхонада барча жараёнлар — ҳароратни бошқаришдан тортиб, барча агротехник тадбирлар автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади. Муҳим жиҳати, ўсимликлар касаллиги ҳам технологик жараён орқали кўрсатилади. Бу инсон меҳнатини камайтиради, ресурсларни тежашга имкон беради. Қуёш энергиясидан фойдаланиш эса нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам катта афзаллик беради.
Бу иссиқхона орқали янги ва дурагай навлар синовдан ўтказилади. Тадқиқотлар якунлангач, экспортбоп, серҳосил, касалликларга чидамли бу навлар расмий рўйхатга киритилади. Маҳаллийлаштириш учун тавсиялар берилади. Сурхондарёга кириб келаётган инновацион навлар дастлаб шу ақлли иссиқхонада синовдан ўтказилади. Бу лойиҳа нафақат қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга хизмат қилади, балки мамлакатимизда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этишга ҳам замин яратади. Ҳозирги кунда “Термиз нав синаш станцияси”даги “ақлли” иссиқхона инновация ва самарадорликнинг уйғунлиги сифатида мамлакат учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Бу жараён қишлоқ хўжалигида янги босқич, яъни юқори технологияли, ресурс тежамкор ва экологик барқарор ишлаб чиқаришнинг бошланиши эканини кўрсатади.
Фарҳод ЭСОНОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг