Темирйўлга қўйиб кетилган бетон бўлагига тезюрар «Афросиёб» поезди бориб урилди

11:56 18 Январь 2025 Жамият
652 0

Самарқанд вилоятида темирйўлга бетон бўлаги қўйиб кетилди. Натижада темирйўлда ҳаракатланиб келаётган «Афросиёб» тезюрар поезди ушбу бетон бўлагига келиб урилган. Бу ҳақда «Ўзтемирйўллари» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, воқеа 2025 йил 14 январь куни соат 23:15 да Зийовуддин ва Навоий стансиялари ўртасидаги 3872 километрлик йўлда Тошкент-Бухоро йўналишида кетаётган 772-сонли «Афросиёб» тезюрар поезди билан содир бўлган.

Бухорога кетаётган «Афросиёб» поезди машинистлари темир йўлга қўйиб кетилган бетон шпални ўз вақтида пайқаган ҳамда фавқулодда тормозлашни ишга туширган. Машинистларнинг профессионал ҳаракатлари туфайли жиддий оқибатларнинг олди олинган.

Поезд тўхтатилгач, зудлик билан техник гуруҳ томонидан кўрикдан ўтказилган. Маълум даражада шикастланганига қарамай, поезд кейинги ҳаракатланиш учун хавфсиз деб топилган ва ўз йўналишини давом эттирган. Поезд соат 01:27 да Бухоро вокзалига етиб келган.

Хабарларга кўра, поездда 133 нафар йўловчи бўлган. Воқеа натижасида тан жароҳати олганлар аниқланмаган.

Воқеа жойига зудлик билан «Зиёвуддин» темир йўл масофаси мутахассислари, Бухоро минтақавий узелининг ходимлари ва транспорт хавфсизлигини таъминлаш хизмати ходимлари етиб келган. Ҳозирда воқеа сабаблари ва ҳолатлари текширилмоқда, дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?