«Тарки одат, амри маҳол» ёхуд асрий саволга жавоб топилгандай

10:01 04 Июнь 2025 Илм-фан
586 0

Лондон университет коллежи ҳузуридаги «Sainsbury Wellcome» маркази олимлари миядаги одатларнинг шаклланиши билан боғлиқ бўлган янги бошқарув тизимини аниқлашди. Илк марта ўтказилган бу турдаги тадқиқот миянинг фақат бир эмас, балки иккита алоҳида ўрганиш тизими мавжудлигини тасдиқлади.

Ушбу янгилик одатларнинг нега шунчалик қийинлик билан бузилиши, гиёҳвандлик ва мажбурий ҳаракатлар каби ҳолатларда қандай тиббий ёндашувлар ишлаб чиқиш мумкинлиги борасида илмий асос бўлиши мумкин. «Nature» журналида чоп этилган ушбу тадқиқот, Паркинсон касаллигини даволаш бўйича ҳам янги эшикларни очади.

Тадқиқот раҳбари доктор Маркус Стивенсон-Жонснинг таъкидлашича, мия танланган ҳаракатга устуворлик бергач, натижани баҳолашга асосланган тизимни четлаб ўтади ва аввалги танловга автоматик таянади. Бу эса бошқа қарорлар учун мия ресурсларини бўшатади.

Олимлар янги допамин сигнали – «ҳаракатни олдиндан башорат қилиш хатоси» (APE) деб номланган тизимни аниқлашди. У илгари маълум бўлган «мукофотни башорат қилиш хатоси» дан фарқли равишда, танловлар сонини эмас, айнан ҳаракатларнинг такрорланишини кузатади. Натижада, ҳайвонлар ёки инсонлар энг фойдали танловни қилиш ёки энг кўп бажарилган ҳаракатни такрорлашга асосланган иккита ўзига хос ўрганиш йўлига эга бўлади.

Оддий мисол сифатида ширинлик дўконига кирган одам илк сафар танлов қилишда вақт сарфлайди, лекин вақт ўтган сайин танлаган ширинликни автоматик танлай бошлайди. Тадқиқотга кўра, бу ҳолат айнан APE сигнали орқали бошқарилади. Янги тизим миянинг хотирани соддароқ усулда ташкил этишига ёрдам беради. Бу орқали ҳар доим ҳар хил вариантларни таққослашга ҳожат қолмайди ва мия бир вақтнинг ўзида бир неча вазифани бажариши мумкин бўлади. Масалан, машина ҳайдашни ўрганган инсон бир вақтнинг ўзида суҳбатлашиш имконига эга бўлади.

Олимлар ушбу кашфиёт ёмон одатларни бузишдаги қийинчиликларни ҳам тушунтиради, деб ҳисоблайди. Агар номақбул одат ўрнига янгисини қўйсак — масалан, чекиш ўрнига сақич чайнаш — вақт ўтиши билан APE тизими бу ҳаракатни янги одат сифатида қабул қилади. Шу сабабли эски одатни бутунлай йўқ қилиш эмас, уни янги ҳаракат билан алмаштириш самаралироқ бўлади.

Тадқиқотни давом эттираётган олимлар ҳозирда APE ҳақиқатан ҳам одатларнинг шаклланишида зарур рол ўйнайдими ёки йўқми, деган саволга аниқлик киритишга ҳаракат қилишмоқда. Шунингдек, улар ҳар икки тизим нимани ва қандай ўрганишини ўрганишда давом этяпти. Ушбу кашфиёт миянинг одатлар тизимини чуқур тушунишга замин яратди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?