Талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. Шариповга талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, парламент сўровида кўтарилган масалалар бўйича муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, олий таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида вазирлик томонидан алоҳида “йўл харитаси” тасдиқланиб, ижрога қаратилди.
Жамоатчилик гуруҳи профилактика инспекторлари билан келишган ҳолда талабалар шаҳарчаси ва ётоқхона атрофида 24 соатлик навбатчилик ҳамда патруллик хизматини ташкил этди.
2025 / 2026 ўқув йилидан бошлаб “Ижтимоий фаоллик индекси” жорий этилиб, талабаларнинг маънавий-маърифий ва спорт соҳаларидаги фаоллиги, барча хатти-ҳаракатлари платформа орқали онлайн баҳолаб борилмоқда.
Жорий ўқув йилида “Маърифат улашиб” ҳамда “Адабий – маърифий ҳафталик” лойиҳаларига 280 минг, “Ислоҳотлар билимдони”, “Китобхон”, “Маърифат майдони” каби лойиҳаларга 450 минг талаба қамраб олинди.
Ички туризмни ривожлантириш, тарихий обидалар, маданий мерос объектлари, театр ва музейларга ташрифларини ташкил этиш орқали талабаларни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида жорий ўқув йилида ҳам ташриф ва саёҳатлар ташкил этилиб, уларга 1 млн дан ортиқ талаба-ёшлар жалб этилиши белгиланди.
“Талабалар лигаси”, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Универсиада” спорт мусобақаларига қамров – 540 мингга етказилди.
“Жаҳолатга қарши маърифат билан” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирларга 620 минг талаба қамраб олинди.
Олий таълим ташкилотларининг барча бакалавриат таълим йўналишлари учун ўтиладиган “Фалсафа” фанига “Коррупциянинг моҳияти, оқибатлари ва унга қарши курашиш механизмлари”, “Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашишда халқаро ҳамкорлигининг мақсадлари ва йўналишлари” ва бошқа мавзулар киритилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган “Коррупцияга қарши курашиш” махсус ўқув курси дастури асосида барча бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун жадвал асосида 16 соатлик махсус курс машғулотлари ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада ўз ечимини кутаётган масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Олий таълим муассасалари ётоқхоналарига талабалар кириш-чиқишини мониторинг қилишни рақамлаштириш мақсадида “Face-ID” камера ва турникетлар ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлса-да, ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаганлиги натижасида айрим олий таълим ташкилотларида ушбу тизим ўрнатилмаган.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида талабалар томонидан 487 та жиноят содир этилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105 тага ёки 13 фоизга камайган бўлса-да, бугунги кунда олий таълим муассасаларида талабалар билан маънавий-маърифий ишларни олиб бориш ҳамда ота-оналар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишга етарли эътибор қаратилмаганлиги сабабли талабалар ўртасидаги жиноятчилик тўлиқ бартараф қилинмаган.
Сенаторлар ёшларга яратилаётган имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш лозимлиги ҳамда ёшларнинг жиноят содир этишининг олдини олиш билан бирга жиноятчиликка қарши курашиш лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг